Британия кино ва телевизион санъат академиясининг аъзолари BAFTA TV Awards мукофотига номзодларни эълон қилди. HBO томонидан яратилган «Чернобиль» сериали 14 йўналиш бўйича мукофотларга даъвогарлик қилмоқда. Лойиҳа номинациялар сони бўйича етакчига айланган, деб хабар беради Harper’s Bazaar.
«Чернобиль» сериали мазкур мукофот тарихида энг кўп номинацияларга даъвогарлик қилган лойиҳалардан бирига айланди. У «Энг яхши мини-сериал» номига, актёрлар Жаред Харрис ва Стеллан Скарсгард эса «Энг яхши актёр» ва «Энг яхши иккинчи план актёри» номзодларига айланган.
Netflix’нинг «Тож» номли тарихий сериали эса еттита йўналиш бўйича мукофотни қўлга киритиши мумкин. BAFTA муфокотига номзодлар рўйхати март ойида эълон қилиниши, тақдирлаш маросимининг ўзи эса — апрель ва май ойларида ўтказилиши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси сабаб бутун дунёда бир қатор маросимлар ва тадбирлар қолдирилган.
Шу сабабли BAFTA TV Awards мукофотини топшириш маросими 31 июль куни бўлиб ўтади. Суратга олиш ишлари ёпиқ студияларда амалга оширилади, номзодларга эса ўз мукофотлари виртуал равишда топширилади.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида «Чернобиль» «Энг яхши сериал» номинациясида «Олтин глобус»ни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)