Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди. Қарорга кўра, Ўзбекистонда «яшил» ҳудудларда жойлашган санаторий, пансионат, болалар оромгоҳлари ва бошқа дам олиш масканларига фуқароларни марказлаштирилган тартибда ташиш учун вилоятлараро автобуслар, шу жумладан туристик ташкилотлар автобуслари қатновини йўлга қўйишга рухсат берилди.
Бунда:
- Автобусларда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқоб, тиббий қўлқопда бўлиши лозимлиги, шунингдек, уларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг автобус салонига чиқарилмаслиги;
- автобуслар вилоятлараро қатновларда «қизил» ҳудудларда тўхтамаган ҳолда ҳаракатланади;
- автобуслар доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади;
- автобусларда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг рейслар кесимидаги рўйхати (базаси) юритилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси кенг миқиёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 март дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилганди. Ушбу чеклов фақат юк ташувлари билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан татбиқ этилмаганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда карантин 15 июнгача узайтирилгани ҳамда «Яшил» ҳудудларга тўй-маърака ўтказишга рухсат берилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)