Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг давлат улуши оммавий савдолар орқали сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги «Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 661-сонли қарорига мувофиқ «Отель Узбекистан» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, агентлик томонидан «Отель Узбекистан» МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши дастлаб 2019 йилнинг февралида 33 миллион АҚШ долларига танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган эди.
Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари 2 йил муддатда 100 миллиард сўм инвестиция киритиш, давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаб қолиш, ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш, меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.
Юқорида кўрсатилган нархда талабгорлардан мурожаат тушмаганлиги сабабли давлат улушининг бошланғич нархи 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 миллион доллар нархида танлов савдоларига чиқарилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, БАА, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли компаниялари билан музокаралар олиб борилган.«Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6 та компаниянинг таклифлари ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари бўйича, ‘Отель Узбекистан’ МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича Bashan investment group pte ltd (Сингапур) компаниясининг 24 ой мобайнида 23,2 миллион доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланди», — дейилади хабарда.
Ушбу қарорга асосан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Bashan investment group pte ltd (Сингапур) компанияси ўртасида юқорида кўрсатилган шартлар асосида шартнома имзоланди.
Изоҳ (0)