Англия чемпионати клубларининг барча футболчилари ва ходимлари коронавирусга тест топширди. Премьер Лига 17 ва 18 май кунги таҳлиллар натижасини эълон қилди.
Унга кўра, 748 таҳлилдан олтитаси коронавирусга ижобий натижа берган. Зарарланиш учта клубда кузатилган. Вирус юқтириб олганлар 7 кунлик карантинга юборилади. Расмий баёнотда вирус юқтириб олганлар шахси ошкор қилинмаган.
«Бёрнли» клуби бош мураббийининг ёрдамчиси Иэн Воанда COVID-19 аниқланган. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилган. Шунингдек, яна учта ҳолат «Уотфорд» клубида қайд этилган. The Athletic журналисти хабарига кўра, клубнинг бир ўйинчиси ва икки ходимида инфекция борлиги маълум бўлган. Шу тариқа иккита коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилган бир клуб номи номаълум бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз Премьер Лига клубларига 19 майдан гуруҳ машғулотларини бошлашга рухсат этилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)