Туркманистон пойтахтидаги бир қатор ташкилотлар, хусусан, ИИВ, таълим тизими ва маданият соҳаси ходимлари, автобус ва такси ҳайдовчилари, «Ашхободқурилиш» қурувчилари ва бошқа корхона ва ташкилот ишчиларининг апрель ойидаги маошидан Лебоп вилоятига ёпирилган довул оқибатларини бартараф этиш учун 200-300 манат (қарийб 870 минг сўм)дан босиб қолинди, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».
Таъкидланишича, аҳоли бу ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган.
Масалан, «Туркмангаз» давлат концерни ходимларининг маошидан 300 манатдан босиб қолинган. Улар бу борада раҳбариятга мурожаат қилганида пуллар Лебоп вилоятига ёпирилган довул оқибатида жабрланганларга йўналтирилиши билдирилган.
«Биз муҳтожларга ёрдам беришдан хурсандмиз. Бироқ раҳбаримиз бизни йиғиб, вазиятни тушунтириши ва ихтиёрий равишда пул сўраши мумкин эди», — дейди ишчилардан бири.
Маълумотларга кўра, маблағларни йиғиш борасидаги буйруқ оғзаки равишда берилган.
Аввалроқ Туркманистоннинг Лебоп вилояти маркази бўлган Темир йўл туманида ҳукумат 27 апрель, 4 ва 13 май кунлари ёпирилган довул оқибатларини бартараф этмаётгани туфайли маҳаллий аҳоли норозилик намойишига чиққани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)