Эрон ҳукумати мамлакатнинг айрим ҳудудларида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият назорат остига олинганини маълум қилди. Бу ҳақда Эрон соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакийга асосланиб, «РИА Новости» хабар қилган.
«Мамлакат миқёсида вазиятнинг нисбатан яхшиланишига эриша олдик. Эпидемиянинг дастлабки кунларида касалликнинг тарқалишига қарши кураш уч босқичда амалга оширилиши ҳақида гапиргандим – бошқарув, назоратни ўрнатиш ва касаллик тарқалишини олдини олиш. Айрим ҳудудларда назорат, яна бошқаларида эса маҳаллийлаштириш босқичига ўтилган», – деган вазир.
Намакий Эрон жануби-ғарбидаги Хузистон вилоятида вазиятнинг ёмонлашгани юзасидан фикр билдириб, коронавирус эпидемияси тугади деб ўйлаш стратегик хато экани, бу борада айрим ҳудудларда одамлар «барчаси ортда қолди» деб ўйлагани каби хулоса қилишга шошилмаслик лозимлигини таъкидлади.
Эронда 19 февралдан бери деярли 110,8 минг нафар одам коронавирусга чалинган, 6,7 минг нафар бемор касаллик оқибатида вафот этган. Қарийб 88,4 минг киши COVID-19’дан тузалган.
Эронда вилоятлар ва уларнинг маъмурий ҳудудларида қанча одамнинг касаллангани, тузалгани ва вафот этгани ҳақидаги статистик маълумотлар март ойи охиридан буён эълон қилинмаяпти.
Апрель ўрталарида мамлакатда карантин чекловлари юмшатилди – COVID-19 тарқалишига кучли таъсир қилмайдиган ва одамлар тўпланишига йўл бермайдиган ишлаб чиқариш корхоналари ва бизнес фаолиятини қайта бошлади. Май охирига бориб мамлакатнинг айрим ҳудудларида бошқа тадбиркорлик фаолиятларининг бошланишига ҳам рухсат берилиши кутилмоқда.
Шу мақсадларда Эронда ҳудудларни коронавируснинг тарқалиш ҳолатига қараб «оқ», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиш бошланган. Аксар ҳудудларда масжидлар қайта очилган.
Изоҳ (0)