Шотландиядаги фермада ҳўкиз электр симёғочга ишқаланиб, қашинишга қарор қилди, бироқ кучини инобатга олмади ва 800 та уйни чироқсиз қолдирди, деб ёзади «Korrespondent.net».
Жанубий Ланаркширдаги ферма эгаси Ҳейзел Лотон сигирларга ем беришга келганида ферма яқинидаги симёғоч трансформатордан узилиб кетганини пайқаган.
«Биз ҳар томонлама ўйлаб кўриб, ҳўкиз симёғочга қашинганида ундаги қутини тушириб юборган, деган хулосага келдик», — дейди Ҳейзел.
Ҳейзел эри билан «жиноят жойи»ни кўздан кечираётганида ҳўкиз ҳам уларга эргашган.
Ҳодиса жойига электр тармоқлари корхонаси муҳандислари келганида, ҳўкиз ушбу қилмиши билан 3 та қишлоқдаги 800 та хонадонни электрсиз қолдиргани маълум бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, сигир ва ҳўкизлар симёғочга тез-тез тегиниб туради, бироқ бундай ҳолат биринчи марта кузатилмоқда.
Муҳандислар электр таъминотини қайта тиклаш учун олти соат вақт сарфлаган.
Изоҳ (0)