Самарқанд шаҳрида карантин қоидалари кучайтирилади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокими, прокурори ва ИИБ раҳбари иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.
Шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқуловнинг қайд этишича, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида 13 майдан эътиборан Самарқанд шаҳрида карантин чоралари кучайтирилади.
Вилоят комиссиясининг қарорига кўра, 13 май соат 06:00 дан бошлаб шаҳарда транспорт воситаларининг белгиланган рухсатномасиз ҳаракатланиши бекор қилинган. Брифингда мазкур қарор сабаби очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Наманган «қизил» ҳудуд эканлиги айтилиб, вилоятларда карантин қоидалари юмшатилмаслиги таъкидланганди.
Ўзбекистонда 12 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 23 кишига кўпайиб, 2509 нафарга етди. Республикада коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган 15 мартдан буён 1988 киши касалликдан соғайди, 10 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)