Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 900 кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг коронавирус тарқалишига қарши курашиш штабига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«8 май ҳолатига кўра, яна 11 кишида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди», — дейди штаб вакили.
Унинг сўзларига кўра, касалликка чалинган фуқароларнинг икки нафари тиббиёт ходимлари.
Шундай қилиб, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 906 кишига етди, уларнинг 226 нафари — тиббиёт ходимлари. Жами 12 киши COVID-19 қурбонига айланган. Беморларнинг 650 нафари даволанишга муваффақ бўлган. Республикада пандемия бошланганидан буён коронавирусга қарши 62 мингдан ортиқ тест олинган.
Эслатиб ўтамиз, 4 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, коронавирусга қарши курашдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.
Ўзбекистонда 8 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар сони 2 314 нафарга етди. Мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш илк бор қайд этилган 15 мартдан буён 1656 киши касалликдан соғайди, 10 нафар бемор эса вафот этган.
Изоҳ (0)