Қирғизистонда коронавирус билан касалланганлар сони бир суткада 24 кишига ошди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакатнинг коронавирусга қарши курашиш штабига таяниб.
«7 май ҳолатига кўра, республикада коронавирусга чалиниш бўйича 24 та янги ҳолат қайд этилди, уларнинг 3 нафари шифокорлар», — деб маълум қилган штаб вакили.
Шундай қилиб, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 895 нафарга етган бўлиб, уларнинг 224 нафари шифокорлардир. Касалланганларнинг 637 нафари соғайган, 12 киши вафот этган.
Пандемия бошланганидан буён республикада коронавирусни аниқлаш бўйича 60 мингдан ортиқ тест ўтказилган.
Республикада 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Мамлакатнинг йирик шаҳарлари аҳолисига кечки соат 8 дан кейин кўчага чиқиш тақиқланган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик, мамлакатларда ушбу хавфли касаллик тарқалишининг, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларга салбий оқибатларини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида суҳбатлашганди.
Изоҳ (0)