«Титаник» кемаси ва унинг ҳалокати ҳақида деярли ҳаммамиз эшитганмиз, ўқиганмиз, биламиз. Аммо тарихда яна бир катта кема ҳалокати бўлганки, унинг ортидан келган оқибатлар жуда даҳшатли эди. «Дарё» 1915 йил 7 май куни Германия чўктириб юборган «Лузитания» кемаси ҳақида маълумот беради.
Миллионерга телеграмма
1915 йил 1 май куни ўша пайтларда дунёнинг энг бой одамларидан бири бўлган америкалик миллионер Альфред Вандербильт Нью-Йоркдан Европага сузиб кетишга тайёргарлик кўраётган «Лузитания» номли океан лайнерида пайдо бўлди. У зинапоядан аста-секин кўтарилиб, кеманинг марказий қисмига йўл олади. Вандербильтга яқинлашаётган элтувчи унга ҳурмат билан телеграмма узатаётганини атрофдагиларнинг кўпчилиги кузатиб турарди.
Телеграмма матни жуда ғалати, ғайриоддий ва энг қизиғи у имзосиз эди. «Баъзи манбалардан маълум бўлишича, «Лузитания»га ҳужум қилинади. Саёҳатни дарҳол қолдиринг». Йўқ, Альфред Вандербильт «Атлантика фахри»ни қувиб етиши мумкин бўлган кема ёки сувости кемаси бор бўлиши мумкинлигига ишона олмади.
Атлантика фахри
«Лузитания» ҳақиқатан ҳам Атлантика фахри эди, чунки у 1907 йилда «Атлантика мовий тасмаси» мукофотига сазовор бўлиб, дунёдаги энг тезкор буғ кемаси деган номни олганди. Бу мукофот Лондон—Нью-Йорк денгиз йўли бўйлаб Атлантика океанини кесиб ўтаётганда эришган рекорд тезлиги учун берилган. Атлантика океани узра ўтган олти минг километрлик бу йўлни «Лузитания» тўрт кун-у 19 соат 52 дақиқада босиб ўтганди.
Бундан ташқари, бир ҳақиқатни ҳамма билар эди. Биринчи жаҳон уруши бошида немис крейсери «Лузитания»ни қўлга олишга уриниб кўради ва у радио орқали: «Кема қўлга олинди, менга эргашинглар» деб буйруқ беради. «Лузитания» капитани эса бу буйруққа жуда оддий ҳаракат билан жавоб беради — у кеманинг тезлигини максимал даража бўлган 27 узелга (50 км) олиб чиқади ва тез орада немис крейсерлари бу трансатлантик лайнерни кўздан йўқотади.
Кўпчилик, ҳатто уруш пайтида ҳам лайнер хавф остида эмаслигига амин эди, шунинг учун энг ҳурматли йўловчилар унинг хизматларидан фойдаланарди. Вандербилт ҳам ғалати телеграммани кимнингдир ҳазили деб ўйлади ва унутди, бориб ўзининг қулай каютасига жойлашди. Бироқ ўша кунги ғалати огоҳлантиришни нафақат америкалик миллионер олганди, балки Нью-Йоркдаги баъзи газеталарнинг сўнгги саҳифаларида ҳам шу куни қора рамка билан белгиланган мана бундай огоҳлантириш ёзилганди.
Огоҳлантириш
«Атлантика океани бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган ҳар бир кишига Германия ва унинг иттифоқчилари, Британия ва унинг иттифоқчилари билан уришаётганини эслатамиз. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудуди Британия оролларига туташ зоналарни ўз ичига олади ва расмий огоҳлантиришларга биноан Буюк Британия байроғи кўтарилган кемалар ёки унинг иттифоқчиларидан бирининг байроғи остида сузаётган кемалар бу ҳудудларда немислар томонидан ҳужумга учраши мумкин».
Германия элчиси, Вашингтон, 1915 йил 22 апрель.
Аммо кўпчилик бу огоҳлантиришга эътибор бермади. 1915 йил 1 май куни кечқурун «Лузитания» сузиб кетишга тайёрланарди. Юк ва почтани юклаш ниҳоясига етди ва охирги йўловчилар океан лайнери кемасига чиқди. Ҳаммаси бўлиб 1 257 йўловчи (шундан 129 нафари болалар) ва 702 нафар экипаж аъзоси, жами 1 959 киши кемага жойлашди.Сузиб юрувчи қаср
Кема қулай ва мукаммал эди. У ерда энагалар билан таъминланган болалар хонаси, касалхона, шунингдек, кўплаб бошқа янгиликлар: лифтлар, телефонлар ва электр сигнал чироқлари, хизматкорлар учун алоҳида хоналар, ҳатто итлар ва бошқа уй ҳайвонларининг хоналари мавжуд эди.
Аркли эшиклар, улкан қандиллар, қизил ёғочдан безаклар ва мебеллар, қулай креслолар, «қишки» боғлар — буларнинг барчаси кема интерерига уй атмосферасига яқин бўлган модерн услубини берарди. Палубадаги бўёқ ва мотор мойининг ҳидларигина «Лузитания»нинг кема эканини эслатиб турарди.
«Лузитания»нинг эгалари ғурурланадиган ўзига хос хусусияти бу — лайнернинг чўктириб бўлмаслигида эди. Кеманинг икки қаватли пастки қисми ва сув ўтказмайдиган бўлинмалари жуда ишончли деб ҳисобланган. Ниҳоят, кема трубаларидан тутун чиқди. Чиқиш йўлакларидан зиналар олинди ва «Лузитания» Ливерпуль шаҳри томон йўл олди. Баланд гудоклар чалиниб қирғоқдагилар билан хайрлашди. Афсуски, бу сўнги видолашув эди...
Денгизда ҳамма ёқ тинч
Кемага инглиз компаниясининг энг тажрибали капитанларидан бири Уильям Тёрнер раҳбарлик қиларди. У аллақачон дунёни бир неча марта айланиб чиққан, унга шимолий қутб ҳам, Тинч океанининг жанубидаги тропик ороллар ҳам яхши таниш эди. У кема палубасида туриб, мағрур нигоҳлари билан океаннинг ялтироқ юзасини кўздан кечирар ва мамнуният билан трубкасини тортиб қўярди. Ҳаммаси унинг энг яхши сафарларидай тинч эди. Ҳа, Тёрнер Атлантика аро сузар экан, кема хавф остида эмаслигига ишонарди.
Дарҳақиқат, сафарнинг дастлабки олти куни хотиржам ва хавфсиз ўтди. 7 май куни эрталаб «Лузитания» Ирландиянинг жануби-ғарбий ҳудудига кетаётган эди. Капитан денгизни кузатишни кучайтиришни буюрди. «Лузитания» 20 узел тезликда сузиб борарди (37 км), ҳар беш дақиқада у ўнгга ва чапга ўн даражадан қайрилиб, курсни ўзгартириб сузарди. Тёрнер агарда немисларнинг сувости кемаси ҳужум қилгудай бўлса, бундай зигзаг ҳаракатлар мўлжалга олишига халақит беришини биларди. У, шунингдек, биронта ҳам сувости кемаси «Лузитания»ни қувиб ета олмаслигига ишонарди.
«Ўнг бортда торпеда, сер!»
Денгиз тинч эди, майин шаббода эсарди. Тушликдан кейин йўловчилар ўз кабинетларига тарқала бошлади. Айнан шу вақтда, соат тахминан 14:10 да кузатув жойидан денгизни томоша қилаётган матрос Томас Куин капитанга бақиради: «Ўнг бортда торпеда, сер!» Тёрнер кема бошқаруви хонаси турган кўприк ўртасига бор-йўғи бир қадам қўйишга муваффақ бўлди. Бир неча лаҳзадан сўнг кема бортига торпеда урилиб портлади. Портлаш овози денгиз бўйлаб кўплаб километрларга эшитиладиган даражада кучли бўлди. Кема шу заҳотиёқ ўнг тарафга ағдарила бошлади ва бир вақтнинг ўзида олд тарафдан чўка бошлади
Кемадаги ҳеч ким «Лузитания»га торпедага қандай зарар етказганини аниқ айта олмайди. Портлашдан йўловчилар ҳайратда қолдилар, кейин яна бир портлаш — ундан ҳам даҳшатлиси. Тарихчилар ҳали ҳам бу иккинчи портлаш ҳақида баҳслашади. Германия сувости кемасига қўмондонлик қилган капитан-лейтенант Швингер иккинчи торпедани ишга туширишганини қатъиян рад этган. Шу сабабли немислар иккинчи портлашни кемадаги портловчи моддаларнинг портлаши билан изоҳлайди ва Германия билан уруш пайтида Англияга етказиб бериш учун портловчи моддалар яширин равишда йўловчи кемасига юкланган деб таъкидлайди. Қулай лайнер эса бундай мақсад учун шунчаки ниқоб эди деб билади.
Портлаш оқибатлари даҳшатли эди. Кема бортида бемалол поезд ўтиши мумкин бўлган катта ёриқ пайдо бўлди. Юзлаб тонна сув «Лузитания» ичига шўнғиди. Буғлаш мосламасининг портлашидан кейин бир неча дақиқа давомида тасаввур қилиб бўлмайдиган шовқин кўтарилди: қаттиқ шикастланган буғ турбинаси ўз вақтида тўхтатилмаган эди. Кемадан осмонга сув ва буғ билан бирга кўмир, ўтин ва пўлатдан ясалган бўлаклар отилди. Улар баландликка кўтарилиб, юқоридан кема палубасига ёғилиб тушди.
«Тезлик қироличаси»нинг йиқилиши
«Тезлик қироличаси» қоқилиб йиқилиб тушганга ўхшарди. Аммо улкан инерсия туфайли у яна олдинга силжишда давом этарди, аммо чироқларнинг милтиллаши унинг генераторлари тўхташ билан таҳдид қилаётганини кўрсатарди. Капитан Тёрнер кемани Кинсейл яқинидаги саёзликка тўхтатмоқчи бўлди. У «Лузитания»нинг денгиздаги ажойиб имкониятларига жуда қаттиқ ишонди ва камида бир соат чўкмаслигига умид қилди. Бу қайиқларни сувга тушириш ва одамларни қутқаришга имкон берарди.
Бироқ вазият янада ёмонлашди: портлаш буғ турбинасини вайрон қилди ва асосий буғ линиясини узди. «Лузитания» ўнг томонга йиқила бошлаганида, унинг 20 метрли қувурлари кеманинг пастки қисмига қулаб, одамларни денгизга улоқтириб юборди. Кема радисти Роберт Лейт фалокат сигналини узатишга муваффақ бўлди, аммо SOS сигнали атиги тўрт марта янгради холос, чунки кемадаги генератор тўхташи билан радио хонадаги электр таъминоти ҳам узилганди.
Қайиқларни сувга тушириш чоғида «Лузитания» экипажидаги офицерлар тузатиб бўлмас хатога йўл қўйди. Гап шундаки, улар кема инерсия билан олдинга силжиётганини ҳисобга олмади ва қайиқлар сувга тегиши билан уларни бу ҳаракат итариб ташлади ва улар лайнернинг пўлат бортига қаттиқ урилди. Натижада, қайиқ ичидаги одамлар сувга тушиб кетди. Атлантика океанининг сарҳадсиз қисмида одамларнинг оғриқли қичқириқлари эшитиларди, шундан кейин ғайритабиий сукунат пайдо бўлди.
Океаннинг мовий тўлқинларида фақат ярим парчаланган қайиқлар, майдаланган жасадлар ва тирик қолган бир неча кишининг таналари бор эди. Кўп ўтмай «Лузитания» ўнг томонга янада кўпроқ ағдарила бошлади ва кема устида қолган одамлар ҳам сувга тушиб кетди. Кеманинг олд томони сув остига ярмигача ботиб турарди ва орадан кўп ўтмай улкан кема тўлиқ ағдарилиб кетди, кеманинг қора ялтироқ таг қисми бироз кўриниб турди-ю, бир неча сониядан кейин Атлантика тубига ғарқ бўлди.
Капитан кемани сўнгги бўлиб тарк этади
SOS трансляциясини Ирландия соҳилидаги баъзи радиостанциялар ва яқин атрофдаги кемалар қабул қилди. Кўпчилик ўлаётган одамларга ёрдамга шошилди, аммо ҳамма ҳам сигналда кўрсатилган жойга етиб бора олмади. Бу ўртада немис сувости кемалари яна пайдо бўлди ва баъзи қутқарувчилар ўз жонини қутқаришга қарор қилди.
«Катарина» деб номланган юк кемаси капитанининг асаблари кучлироқ бўлиб чиқди. У сувдан чиқиб турган перископларга (Сувости кемасининг кузатув механизми) эътибор бермади ва бир нечта қайиқлардаги одамларни қутқаришга муваффақ бўлди. Ирланд балиқчилари ҳам ўзларини ҳақиқий қутқарувчилар сифатида кўрсатди.
Капитан Тёрнерни эса «Блюбелла» кемасининг денгизчиларидан бири қутқариб олди. Капитан «Лузитания»ни кема қулаб тушгунига қадар тарк этмаган эди. Кема ағдарилгач у ҳам сувда пайдо бўлди, лекин у яхши сузувчи бўлгани учун океанда уч соатча сузиб турган. «Блюбелла» денгизчиси капитан эгнидаги форманинг тугмалари ялтирашидан уни пайқаб қолди ва Уильям Тёрнерни қутқарди.
Оқибатлар
Дунёнинг ҳар хил мамлакатларида «Лузитания»нинг фожиали ҳалокати ҳақидаги хабарлар турлича реакцияларга сабаб бўлди. Масалан, бутун Канада кема ҳақидаги хабардан ҳайратда қолди. Бортда Европадаги урушга кўнгилли бўлиб кетаётган Канада фуқаролари бор эди.
«Лузитания» немис сувости кемаси томонидан Ирландия соҳилида чўктириб юборилгани ҳақидаги хабар Нью-Йоркка етиб келганида, фонд биржасининг ёпилишига бир неча дақиқа қолган эди. Бироқ бу вақт кўплаб акцияларнинг дарҳол тушиб кетиши учун етарли бўлди. Қутқарилганларнинг барчаси Ирландиянинг Куинстаун шаҳрига олиб келинди. Қутқарилган одамлар сони ўлганларга қараганда бир ярим баравар кам эди. Бу «Титаник» ҳалокатидан кейин денгиздаги энг катта фалокат бўлиб, 18 минут ичида 1 198 одам ҳалок бўлди.
Яна бир қизиқ факт шундан иборатки, 1927 йилда Атлантикадаги кучли бўрон пайтида «Келтик» лайнери чўкиб кетади. Омон қолганлар орасида кекса инглиз аёли, Мюррей хоним ҳам бор эди. Ушбу фалокат ҳақида ёзган журналистлар 1915 йилда Мюррей хоним «Лузитания» кемасидан қутқарилган йўловчилар орасида ҳам бўлганини билиб ҳайрон бўлди. Газетачилар Мюррей хоним «Титаник» ҳалокатидан ҳам муваффақиятли омон қолган йўловчилар рўйхатида эканини билгандан кейин шок ҳолатига тушади. Бу кекса заиф хоним уч марта ХХ асрнинг энг катта фалокатларига тушиб, «сувдан қуруқ» чиққан эди.
Германия 1917 йилгача Британия ороллари атрофида яна еттита Америка кемасини чўктириб юборди. 1917 йил 6 апрелда АҚШ президенти Вудро Вильсон Германия империясига қарши уруш эълон қилиш таклифи билан Конгрессга мурожаат қилди. Шу куни Конгресс Германияга қарши уруш эълон қилди ва АҚШ Биринчи жаҳон урушининг бевосита иштирокчисига айланди. «Лузитания» кемасининг чўктирилиши инсоният тарихидаги энг ҳалокатли урушлардан бирининг оловини кенг миқёсда ёйилишига бошланғич сабаб бўлган эди.
Михаил Кубеевнинг «100 та буюк ҳалокат» ва Генри Лиддел Гартнинг «Биринчи жаҳон уруши тарихи» китоблари асосида Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)