Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида 5 май куни одам ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
Ҳодиса соат 04:40 ларда Ислом Каримов кўчасида юз берди. 1994 йилда туғилган Д.Н. Nexia-3 автомобилини юқори тезликда бошқариб келиб, светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига тўхтамасдан чорраҳадан ўнгга тезлик билан бурилган. Шу вақтда бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги симёғочга урилган.
ЙТҲ оқибатида 26 ёшли Д.Н. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 4 май санасида юз берган иккита ЙТҲ одамлар ўлимига сабабчи бўлганди. Самарқанднинг Ургут туманида «Жигули» ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида 22 ёшли аёл ва унинг 2 ёшли боласи, Қашқадарёнинг Ғузор туманида Lacetti асфалт ётқизиш машинасига урилиши оқибатида 31 ёшли ҳайдовчи вафот этганди.
Изоҳ (0)