Аргентина футбол ассоциацияси коронавирус пандемияси сабаб барча маҳаллий футбол мусобақаларини муддатидан аввал якунлади.
Ассоциация икки мавсум давомида олий дивизионни ҳеч қайси жамоа тарк этмаслигини маълум қилган. Ташкилот президенти Клаудио Тапианинг маълум қилишича, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган тақдирдагина чемпионат ўйинлари бошланади.
Шу тариқа, Диего Марадона қўл остидаги «Химнасия» клуби олий дивизионда қоладиган бўлди.
Маълумот учун, Аргентина чемпионатини тарк этувчи жамоанинг нафақат жорий мавсумдаги ўрни, балки аввалги икки мавсумдаги натижалари ҳам инобатга олинади. Тўпланган очконинг ўтказилган ўйинларга нисбати билан ўртача коэффициент ҳисобланади. Учта энг ёмон кўрсаткичли жамоа мусобақа билан хайрлашади. Энг паст кўрсаткич «Химнасия»да бўлиб турганди (1,053 — 76 ўйинда 80 очко), гарчи жамоа жорий мавсум 24 иштирокчи орасида 19-ўринда бораётган бўлсада.
Аргентина жорий мавсуми 23-турга келиб тўхтаб қолганди. Мусобақа жадвалида «Бока Хуниорс» (48) ва «Ривер Плейт» (47) етакчилик қилаётганди.
Аввалроқ Нидерландия ва Францияда ҳам футбол чемпионатларининг жорий мавсуми бекор қилинганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)