Ўтган бир сутка ичида Россияда коронавирус билан касалланиш бўйича 6198 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг коронавирусга қарши курашиш тезкор штабига таяниб, «РБК» хабар берди.
Ҳозирга келиб Россиянинг 85 минтақасида коронавирус билан жами касалланганлар сони 87 147 кишини ташкил этмоқда.
Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълумотларига кўра, пандемия бошланган Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг жами сони 82 830 кишига етган (Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 83 912 киши — бунда Гонконг ва Макао ҳам қўшиб ҳисобланган).
Шундай қилиб, тезкор штабнинг янги маълумотларига кўра, Россия коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда тўққизинчи ўринга чиқиб олди.
Ўтган бир сутка ичида 23 апрелдан буён биринчи бор касалликка чалиниш бўйича янги ҳолатларда камайиш кузатилган. Таъкидланишича, беморларнинг 43,4 фоизида касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлмаган.
Ўтган бир сутка ичида касалликка чалиниш ҳолатлари энг кўп Москвада аниқланган — 2871 киши. Ҳозирда Россия пойтахтида COVID-19 юқтириб олганлар сони 45 351 кишини ташкил этмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб бир сутка ичида 50 киши коронавирус оқибатида вафот этиб, жами қурбонлар сони 794 кишига етди.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлигининг 900 нафарга яқин ҳарбий хизматчиси коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)