Тарихда инсоният турмуш тарзини остин-устун қилиб ташлашда ҳозирги коронавирусдан кўра минг баробар кўпроқ ғайрат кўрсатган касаллик даврлари ҳам мавжуд. Пандемия шароитида карантинда ўтирарканмиз, бундан даҳшатлироқ кечган жаҳон тарихидаги иккинчи пандемияни эслашга қарор қилдик. «Дарё» тарих механизмини янгидан ишга туширган қора ўлат ҳақида ҳикоя қилади.
XIV аср Европа... Жуда бир ғалати даврлар бўлган. Минг йил давомида ўрта асрлар давом этар ва бирдан очлик, уруш, ўлат ва ўлим асри кириб келган эди. Қора ўлат ҳамма нарсани ўзгартириб ташлаган касаллик эди. XIV аср Европада буюк фалокатлар асри бўлди. Инсоният тарихдаги энг узоқ давом этган уруш ва энг қирғинбарот эпидемия даврига дуч келди. Бу фалокатлардан ташқари, католик черковининг чуқур бўлиниши ва емирилиши асри бўлиб ҳам тарих саҳифаларига кирди. Урушларнинг ва диний инқирознинг сабаби сўзсиз инсоният аҳмоқлиги бўлса, вабони келтириб чиқарган бошқа муаммолар ҳам бор эди...
Қора ўлатнинг пайдо бўлиш сабаблари
Қора ўлатнинг пайдо бўлиши ва тарқаши инсон омилига кўп ҳам боғлиқ бўлмаган. Айтишларича, ҳаммасига сабаб кемирувчилар... Ҳа, кичкинагина, момиққина кемирувчилар. Аммо кемирувчилар, албатта, инсонларга ўлим олиб келишни ўзлари хоҳлаб танламаган. Айрим олимларнинг фикрича, бунга сабаб иқлим ўзгариши эди. Айнан XIV асрда Атлантик океанидаги илиқ Голфстрим оқими ўз йўналишини ўзгартирган ва бу нарса глобал иқлим ўзгаришларига олиб келган. 1310 йилларга келиб эса Европада ҳақиқий экологик фалокат бошланди.
1311 йилдаги доимгидай иссиқ ёз фаслидан кейин жуда совуқ ва ёмғирларга бой ёз фасли кела бошлади. Энди тасаввур қилинг, ўша даврнинг ёзларида Европада ҳаво ҳарорати жуда кам пайтлардагина 12 градусдан кўтарилар, қишлар эса ақл бовар қилмас даражада жуда совуқ келарди. Ҳаттоки илиқ Италияда ҳам қишда шу даражада кўп қор ёғар ва совуқ бўлар эдики, одамлар зўрға жон сақларди. Франческа Петрарка ва ўша машҳур Жованни Бокаччо асарларидан ҳам бу ҳақида ўқиш мумкин. Натижада иқлим ўзгариши мисли кўрилмаган очарчиликка олиб келади. Шундоқ ҳам офатлар етарли, лекин табиат жаҳл отига минган эди.
Иқлим ўзгариши натижасида ҳозирги Мўғулистон ҳудудида жойлашган Гоби саҳросида яшовчи юмронқозиқлар, кўрсичқонлар ва бошқа турдаги кемирувчилар табиий емакларидан маҳрум бўлган. Бу шоввозлар ўз навбатида табиатнинг мукаммал касаллик тарқатувчи механизмлари ҳисобланади. Бир жойга йиғилиб қолган ҳаддан ортиқ кемирувчилар орасида касаллик тарқала бошлайди.
Касалликнинг кенг тарқалишида маданий фактор ҳам катта рол ўйнаган, албатта. Мўғуллар орасида суғур гўшти деликатес ҳисобланган. Унинг юнги эса жуда қадрланган. Натижада эпидемия инсонларга илк марта юқишни бошлади. Қора ўлат ўлим машинаси 1320 йилга яқин ишга тушди. У Буюк ипак йўли орқали Хитой ва Ҳиндистонга йўл олади ва у ерда аҳолининг катта қисмини қириб юборади. Кейин мўғуллар билан бирга қора ўлат 1347 йилда Қримга кириб келади.
Касалликнинг кенг ёйилиб кетиши
Бунда ҳам маданий факторлар яна катта саҳнага чиқади. Гап шундаки, генуялик савдогарлар Қримда бир нечта қишлоқларга эга бўлган. Улар нафақат шароб, буғдой ва бошқа маҳсулотлар, яна қуллар билан ҳам савдо қилган. Бу ерда мўғул ўғил-қизларининг савдоси чаққон бўлган. Бундан хабар топган мўғул хони Жонибекхонга ўз навбатида бу ҳолат ёқмайди. Шунинг учун у безбет европаликларни ақлини киритиб қўйиш мақсадида уларнинг Каффа шаҳрини қамал қилади. Қамал давомида Жонибекхоннинг олдида бир қатор муаммолар пайдо бўла бошлайди.
Биринчидан, генуяликларнинг жуда кучли флоти бор эди. Иккинчидан, қалъаларининг деворлари жуда баланд ва мўғулларда жиддийроқ қамал қуроллари йўқ эди. Бундан ташқари, хоннинг қўшинлари ичида қора ўлат касаллиги авжига чиқа бошлайди. Жонибекхонда ҳамма нарсани ташлаб ортга қайтиш имкони йўқ эди, чунки обрўси ўртага тикилганди. Шунда у ғалати бир ишга қўл уради. Ўз аскарлари ичида қора ўлатдан ўлганларнинг ҳаммасини палахмонларга ортиб, ўликларни европаликларнинг қалъаси ичига отишни буюради. Қамални тўхтатиб ортга қайтади.
Ростини айтганда, мўғулларда табобат унча ривожланмаган эди. Қалъа ичига отилган ўликлар бирмунча вақт давомида чириб ётган, кейин уларни кўмиб юборишган. Лекин аллақачон кеч бўлиб улгурган эди... Бир неча кунлардан кейин европаликлар орасида касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўла бошлайди. Бир неча ҳафталардан кейин эса ажал шарпаси бутун шаҳарни кезиб юрарди. Аҳоли бу лаънати шаҳардан қочишга тушади. Кемаларда жонажон Европа сари талпинишарди. Аммо улар ўзлари билан ўлим шарпасин бирга олиб кетишаётганларини билмасди. 1347 йилнинг октябрь ойида биринчи гуруҳдаги одамлар Сицилия оролининг Мессина портига келиб тушади.
Ўлатнинг Европага сафари
Шу ерда тарихчиларнинг маълумотлари бир-биридан фарқ қилади. Айримлари 12 та кема, бошқалари тўртта кема келгани ҳақида ёзади. Лекин бу ерда энг муҳими шундаки, Қримдан кемаларда зираворлар ва донлардан ташқари касалланган одамлар ҳам келган эди. Бутун Европани қамраб олган Буюк ўлат эпидемиясининг бошланиши шундай рўй берганди.
Микелле де Пиасси Мессина шаҳридаги қора ўлат ҳақида шундай ёзади: «Уйлар ўликлар билан тўлган эди, ҳеч кимни қариндоши, оила аъзолар ва ҳатто руҳонийлар ҳам у уйларга киришга ботинмас, уларни олиб чиқиб кўмиб беришлари учун гўрковларга катта пуллар ваъда қилишар, уйлар эса ичидаги бор бойлиг-у пуллари билан қулфланмаган ҳолатда ётарди. Кимдир ўлик чиққан уйга кирмоқчи бўлса, ҳеч ким унинг йўлини тўсмас эди».
Тез орада тирик қолган генуяликларни шаҳардан ҳайдаб солишади, лекин бу энди ҳеч нарсани ўзгартира олмас эди. Эпидемия тезда бутун Сицилияни қамраб олганди. Тирик қолган денгизчилар ўз она юрти Генуяга бормоқчи бўлади, аммо уларни Мессина шаҳрига қора ўлат олиб келишганини билган шаҳар ҳукумати кемаларни портга киргазмай, оловли ўқлар ёрдамида уларни денгизга қайта ҳайдашни буюради. Бу ўз навбатида Генуяда қора ўлат тарқалишини вақтинчалик олдини олади.
1347 йил ноябрь ойининг бошларида 20 га яқин қора ўлат билан касалланган кемалар Адриатика ва Ўртаер денгизи қирғоқларида, тўхтаганки портларида касаллик тарқатиб изғиб юради. Генуя эскадрасининг бир қисми Марсель шаҳрида қўним топади. Натижада Франциянинг бу меҳмондўст шаҳрига қора ўлат кириб келади. Генуяликларни бу ердан ҳам ҳайдашади, аммо кеч эди.
Марсель шаҳрининг тенг ярми қирилиб кетади. Бу ердан қора ўлат Франциянинг жанубига, кейин эса шимолига «саёҳат» қилади. Унинг ҳаракати жуда тез эди. «Бу ўлимга олиб келувчи касалликнинг пайдо бўлиш сабаби 1345 йил 20 март куни Марс, Юпитер ва Сатурн сайёраларининг Қовға юлдузи остида уч карра бир-бирига боғланиши эди», деб ёзилган эди ўша давр табиблари қайдномаларида.
Касалликка қарши кураш
Табиблар одамларга касалликдан сақланиш учун гўёки Марс сайёрасидан келаётган нурни кучсизлантириш учун қизил кўзойнак тақиб юришни маслаҳат берган. Яна хонани тез-тез шамоллатишни тавсия қилишган, чунки сайёралардан ҳаво орқали касаллик тарқаяпти деб ҳисоблашган. Ҳа, табобат у даврларда ғарбда шунақа примитив эди.
Яна табиблар фақатгина жамоат ҳожатхоналарига боришни тавсия қилган. Сабаб оддий. Бундай ҳожатхоналарнинг қўланса ҳиди касалликни қўрқитар эмиш. Қора ўлатни даволовчи (даволамоқчи бўлган) табибларнинг ўзига хос ниқоби бўлар эди. Бу ниқоб қушнинг тумшуғи шаклида қилинган. Унинг ичига ҳар хил гиёҳлар ва саримсоқ пиёз солинган.
Йиллар ўтиб илм-фан тараққий этгач, замонавий олимлар аниқлашдики, қора ўлат касаллигини Yersinia pestis деб номланган бактерия қўзғатади. «Балғамда бу вабо бактерияси 10 кунгача яшаши мумкин. Бу касалликдан ўлган инсонлар ва ҳайвонларнинг таналарида касаллик эрта куздан баҳоргача яшаши мумкин. Паст ҳарорат, музлатиш ва эритиш касаллик қўзғовчи бактерияни йўқ қила олмайди. Юқори ҳарорат, иссиқ ҳаво ва қуритиш бактерияни йўқотиши мумкин. 60 градусгача қиздириш микроорганизмни бир соат ичида йўқотса, 100 градусгача қиздириш бир неча дақиқада йўқ қилиши мумкин».
Табиблар, албатта, даволашни чин дилидан хоҳлашган, лекин улар шаҳарма-шаҳар ўз таналари ва кийимларида касалликни олиб юриб, аксинча, уни кенгроқ тарқашига кўпроқ ҳисса қўшишган. Уларнинг бу қўрқинчли ниқоблари эса ўлатнинг энг хавфли кўриниши, ўпкани эгаллашининг олдини олган холос. Аммо у даврларда ғарбликлар гигиена ҳақида умуман ўйламас эди. Каламуш ва бургалар уларда доимий меҳмон, шунчаки уй ҳайвони эди. Айнан шулар асосий ўлим ташувчилари эди. Қора ўлатни табиий тарқатувчиси зиммасини жанубий каламуш бургаси ўз зиммасига олган. Бу бурга касал ҳайвон ёки инсонни чақиши билан бактерияни ўзига юқтириб олади.
Зaрaрланиш механизми эса шундай: касалланган бурганинг ошқозонида қора ўлат бактериялари шу даражада кўпайиб кетадики, худди қопқоқ каби бурганинг қизилўнгачини тўсиб қўяди. Бу эса ўз навбатида инсонни чақиб қонини сўра олмаётган бургани, ўша бактерияларни инсон терисидаги ўзи очиб олган ярага қусиб ташлашига олиб келади. Бундан ташқари, қон сўриши қийинлашган бурга ўз очлигини қондира олмасдан кўпроқ чақа бошлайди.
Жанубий каламуш бургаси емишсиз олти ҳафтагача яшаши мумкин. Инсонни кийимига ёки сумкасига жойлашиб олиб ҳам бирга саёҳат қилиши, бошқа шаҳарда пайдо бўлган бурга ўзига янги «хўжайин» топиши мумкин. Эпидемия эса суткасига тўрт километр тезликда тарқаб, бутун Европага уруш эълон қилди. Бурганинг ягона хўжайини бўлмиш каламуш ҳам анойилардан эмасди. Чидамли ва чаққон бўлган бу жонзот кемаларда тинмай саёҳат қиларди.
Натижада яна бир муҳим ҳолат: касалланган каламушлар ташриф буюрган шаҳарлардаги каламушлар билан тезда тил топишиб кетар ва ўзларидаги паразитлар билан меҳмон қиларди. Гўёки эстафета таёқчасини топширгандай. Шундай қилиб, қора ўлат бутун ғарб дунёсини эгаллади. Африка шимолидан тортиб Исландия ва Россиягача. Ушбу катта ҳудуд аҳолисининг учдан бир қисми қирилиб кетди. Бу 20 миллион одам дегани. Айрим қишлоқ ва шаҳар аҳолиси эса бутунлай қирилиб битди. Ҳаммасидан кўп ёпиқ жойлар кўпроқ зарар кўрди, масалан, черков ва монастирлар. Битта одам касалланса бўлди, тез орада ҳамма ўлади. Чунки ўша даврларда ўлат 99 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланарди.
Билимсизлик ва аҳмоқлик тиз чўктирган Европа
Ўлим даражаси шу даражада юқори ва инсоният билим даражаси шу даражада паст эдики, касалликнинг келиб чиқиши фақат фантастик ҳодисалар билан боғланарди. Натижада Европада бутун бошли флагелантлар секталари пайдо бўла бошлади. Улар гуруҳ бўлиб шаҳарлар бўйлаб изғиб юришар ва ўзларини учига темир боғланган қамчилар билан уришар эди. Шундай қилиб улар Худо олдида бутун дунё гуноҳларини ювишга ҳаракат қилишарди.
Аслида касалликни янаям узоқларга тарқатишарди. Қора ўлатга қарши дори йўқ эди. Табиблар танадан қон чиқаришарди, танадаги порсилдоқ яраларни ёришар, кийик шохидан кукунлар суртишарди. Бой мижозларга эса майдаланган дур ёки майдаланган зумрад тошини ичиришарди. Бунақа дорининг нархи касалликни қўрқитиб юборади деб ўйлашгандир, балки. Бундан ташқари, одамлар пуштиранг сувда ювинишар, хоналарни шамоллатар, хушбўй анбарлар суртишарди. Лекин ҳеч нарса ёрдам бермасди.
Фақат олов ёрдам берди. Скандинавлар «Қора хоним» деб номлаган бу касалликка қарши оловдан кучли дори йўқ эди. Биринчи марта бу қарорга Милан архиепископи Жованни Висконти келган. У ҳамма касал чиққан уйларни касаллари билан устидан қулфлаб ёқиб юборишни буюрган. Ҳамма қора ўлатдан ўлганларни умумий қабрга кўмиб, устидан оҳак ташлашган. Балки, айнан шу сабабларга кўра Милан шаҳри эпидемиядан деярли омон чиққандир.
Илм-фан равнақига ҳисса қўшган касаллик
Қора ўлат беш йил давомида ўз ажал ўйинини ўйнади. Баъзан йўқолар, лекин ҳамиша қайтар эди. Натижа эса бўшаб қолган қишлоқлар, сукунат қарига чўмган шаҳарлар... Омон қолганлар ўзларини танланганлар деб ҳис қила бошлаган. Касалликни енгиш мақсадида ҳукмдорлар илм-фанга кўпроқ эътибор қаратган, янги-янги университетлар очилган, уларга катта маблағлар ажратилган.
Шундай қилиб, тиббиёт трактатлари бошқа тиллардан ўгирилди, кўп илмий изланишлар қилинди. Саводсиз Ўрта аср тирик қолиш мақсадида ўқий бошлади. Атрофидаги оламни ўрганди, қадимий қўл ёзмалар замонавий тилларга ўгирилди, ўқиб ўрганилди. Оқибатда янги давр — Уйғониш даври бошланди. Ҳаммасига сабаб эса шунчаки Голфстрим оқимининг ўзгариши ва чўлдаги кемирувчиларнинг ҳаёт шароити ёмонлашиши эди холос...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)