Грузия собиқ президенти ва Украинанинг Одесса вилояти собиқ раҳбари Михаил Саакашвили президент Владимир Зеленскийнинг бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаш ҳамда Халқаро валюта жамғармаси билан ишлаш бўйича билдирган таклифини қабул қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берган.
«Мен президент Зеленскийнинг таклифини қабул қилдим»,— деган «Халқ хизматчиси» фракцияси аъзолари билан учрашув олдидан журналистлар билан суҳбатда Саакашвили.
Михаил Саакашвили янги лавозимда Халқаро валюта жамғармаси билан музокаралар олиб бориш ишларини ташкил қилиш билан шуғулланишини айтиб ўтди.
«Украинанинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашуви тарафдориман, шунингдек, мамлакатнинг ўз шароитлари бўйича Европа Иттифоқига киришини истайман»,— дея қўшимча қилган у.
Олий Рада Саакашвили номзодини 24 апрель куни навбатдан ташқари мажлисида кўриб чиқиши режалаштирилганди, бироқ Одесса собиқ ҳокими йиғилишда ушбу масала кўриб чиқилмаслигини билдирган.
Украина президенти Владимир Зеленский 2019 йилнинг май ойида Михаил Саакашвилига мамлакат фуқаролигини қайтарган. Натижада Грузия собиқ президенти Киевга қайтиб сиёсат билан шуғулланишга киришганди. 2020 йил 22 апрелда унинг Украина ҳукумати таркибига кириши маълум қилинди. Айни вақтда Украина ҳукуматида ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосари лавозими йўқ, бироқ яқин вақт ичида жорий этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)