Марказий ҳарбий округдаги хизмат итларининг асосий қисми ҳарбий объектларни қўриқлашга ва блокпостлардаги хизматга жалб қилинган. Ҳарбий журналист Ғайрат Мадраҳимов хизмат итларининг карантин вақтида тартибни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда тутган ўрни ҳақида «Дарё»га маълумот берди.
Самарқанд, Навоий ҳамда Жиззах гарнизонида 30 га яқин хизмат итлари учун кичик питомниклар барпо этилган. Округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат итлари из ва мина қидирув ҳамда қоровуллик-қўриқлов хизматига сафарбар этилади.
Хизмат итлари билан эрталаб ва куннинг иккинчи ярмида 2 соатдан машғулот ўтказилади.
Кинолог бошқа округга ёки ҳарбий қисмга хизмат заруратига кўра кўчса, хизмат ити ҳам ҳарбий хизматчи билан бирга юборилади.
Журналистнинг ёзишича, ҳар йили анъанавий тарзда Мудофаа вазирлиги миқёсида кинологлар чемпионати ўтказилади. 2020 йил февраль ойида бўлиб ўтган «Энг илғор мутахассис кинолог» кўрик-танловида округ вакили оддий аскар Миржалол Тўрамуродов «Seam», Достон Қодиров «Вега» ҳамда Бекзод Абдулбоқиев «Герой» лақабли хизмат итлари билан совриндор бўлган.
Хизмат итларининг асосий қисми машғулотларга ва ҳарбий объектларни қўриқлашга жалб қилинар эди. Карантин тадбирлари сабаб эндиликда хизмат итлари тунда, кўриниши ёмон бўлган (туман) вақтларда, зарурат бўлганда куннинг исталган пайтида блокпостларга жалб қилинмоқда.
Изоҳ (0)