Мюнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби мухлислари стадиондан ўйинни кузатишнинг ўзига хос «йўли»ни топди.
Германия Бундеслигасида мавсум май ойидан давом эттирилиши кутилмоқда, бироқ учрашувлар катта эҳтимол билан 2021 йилга қадар томошабинларсиз ўтади.
Бироқ «Боруссия М» фан клуби «Sei dabei. Trotzdem» («Нима бўлганда ҳам, шу ерда бўлинг») акциясини жорий қилди. Унга кўра жамоанинг бўлажак ўйинларини трибуналарда пластик манекенлар кузатиб боради.
Ҳар бир мухлис махсус сайтга суратини жойлаган ҳолда ўзига маъқул келган жойни танлайди. Пластик манекеннинг нархи 19 евро туради. Ундан тушган маблағ бешга бўлинади. Пулнинг асосий қисми (12,5 еврога яқин) манекен ясаш учун кетади: бу орқали клуб тўхтаб қолган айрим кичик бизнесларнинг вақтинчалик фаолиятига ёрдам бермоқда. 2 евро «Borussen helfen Borussen» хайрия фонди, яна 2 евро «Боруссия М» фонди ва қолган 2,5 евро чипталар банд қилишга сарфланмоқда.
Акциянинг илк кунида мингдан ошиқ чипта сотилган, бир ҳафта ичида стадионга виртуал ташриф буюришни истаганлар сони 7 минг нафарга этган. Ташкилотчилар Бундеслига ўйинлари бошлангунга қадар 54 минг сиғимли трибуналарни тўлдиришга умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Минскнинг «Динамо» клуби мазкур акцияни бошлаб берганди. Бироқ Беларусда чемпионат давом этмоқда ва мухлислар ўйинларни стадиондан томоша қилиш имкониятига эга.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)