Бирлашган Араб Амирликларида ўтган бир сутка ичида 398 кишида коронавирус аниқланди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда касаллик аниқланган фуқаролар сони 4,5 минг кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда БАА Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазирлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Коронавирус аниқланган 398 киши турли миллат вакиллари бўлиб, уларнинг барчаси зарур тиббий назорат остида. Янги ҳолатлар таҳлиллар ўтказишни кенгайтириш ҳамда аввал касалланганлар билан алоқада бўлганларни текшириш натижасида аниқланди. Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 4521 кишини ташкил этмоқда. 852 киши даволанишга муваффақ бўлди», — дейилади хабарда.
Вазирликнинг таъкидлашича, коронавирус оқибатида яна уч киши вафот этган бўлиб, БАА ҳудудидаги жами қурбонлар сони 25 кишига етди.
Аввалроқ БАА ҳукумати мамлакат ҳудудидаги хориж фуқароларининг визасини йил охиригача узайтирилишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 1054 нафарга етди.
Изоҳ (0)