Республика бўйлаб карантин режими жорий этилганига қарамай, Жиззахдаги караоке-барда мижозларга хизмат кўрсатилгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 12 апрель куни шаҳарнинг Н.Қўшоқов кўчасида яшовчи 23 ёшли Х.И. ўзига тегишли бўлган караоке-барда 5 нафар мижозларга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.
У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жавобгарликка тортилган.
Ушбу модда билан айбланган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача жарима солиниши мумкин.
Аввалроқ Бухорода карантин пайтида яширин фаолият кўрсатган чилимхона борлиги аниқлангани, Навоийда карантин вақтида ўз уйини дискотекага айлантирган ёшлар жаримага тортилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)