«Тоттенҳэм» клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн ёзги трансфер ойнасида лондонликлар сафини тарк этиши мумкин.
Daily Mail нашрининг хабар қилишича, «Тоттенҳэм» янги стадион қуриш учун олган кредитдан 637 миллион фунт миқдорида қарздорлик сақланиб турибди. Шунингдек, лондонликлар трансферлар учун бошқа клубларга 83 миллион фунт тўлаб бериши керак.
Агар Премьер Лига ўйинлари давом этмайдиган ва «Тоттенҳэм» телеҳуқуқлардан даромад ололмайдиган бўлса, у ҳолда «шпорлар» учун вазият оғирлашади.
Шу сабаб жамоа президенти Дэниэл Леви ҳужумчи Ҳарри Кейнни 200 миллион фунтга (250 миллион евро) сотиб юборишга тайёр. Агар бу амалга ошадиган бўлса, Кейн футбол тарихидаги энг қиммат футболчига айланади.
Ҳозирда энг қиммат трансфер 2017 йилда «Барселона»дан ПСЖга ўтган Неймарга тегишли. Ўшанда парижликлар трансфер учун 198 миллион фунт (222 миллион евро) сарфлаганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)