АҚШда шифокор коронавирус билан оғриган беморларга ниқобни ечмай табассум қилишнинг йўлини топди. Бу ҳақда шифокор Instagram’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Робертино исмли шифокор Сан-Диегодаги Scripps Mercy Hospital касалхонасида ишлайди. У коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита алоқада бўлгани учун ҳимоя костюми ва ниқобини еча олмайди.
Робертинога юзидаги ниқоб туфайли бемор унинг ҳиссиётларини кўра олмаслиги, айрим ҳолларда касалларга қараб жилмайиб, уларни руҳлантира олмаётгани ёқмаётганди. Шунда унинг хаёлига ажойиб фикр келди: Робертино ҳимоя костюмидаги бейжик ўрнига кулиб турган суратини ёпиштириб олди.
Шифокорнинг бошқа ҳамкасбларига ҳам унинг ташаббуси ёқди, улар ҳам кийимларига табассум қилаётган суратларини ёпиштириб олди.
Шунингдек, Робертино Instagram’даги саҳифасига Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳридаги касалхонада коронавирусга чалинган болаларни даволаётган ҳамкасбининг ҳам суратини жойлаштирди. Суратда шифокор аёл бемор болаларни руҳлантириш учун ҳимоя кийимига жилмайиб турган Disney мультфильми қаҳрамонининг суратини ёпиштириб олгани акс этган.
Робертино ҳамкасбининг ижодий ёндашувига юқори баҳо берган. «Ҳамма фаришталарнинг ҳам қаноти йўқ, уларнинг айримларида стетоскоплар бор», — деб ёзади Робертино ҳамкасби ҳақида.
https://www.instagram.com/p/B-w_8zGjkM3/
Изоҳ (0)