Хитой коронавирусга қарши курашда Россия томонидан кўрсатилган ёрдамни унутмайди ва бу курашда Россияга ёрдам бериш учун барча имкониятини ишга солишга тайёр. Бу ҳақда Хитойнинг Москвадаги элчиси Чжан Ханьхуэй маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».
Элчининг эслатишича, эпидемия бошланган вақтда Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпинга ҳамдардлик билдириб, телеграмма жўнатган, бундан ташқари, Россия Хитойга 23 тонналик зарур тиббий воситалар жўнатган.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати коронавирусга қарши курашда ёрдам кўрсатмоқда. 2 апрель куни 26 тонналик гуманитар ёрдам Москвага олиб келинган.
Хитой элчисининг таъкидлашича, ХХР инсоният эпидемия устидан ғалаба қозонишига ҳар доим ишонган.
Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Россия коронавирусга қарши курашда кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун Хитойдан миннатдор эканлигини маълум қилган. Россия Саноат ва савдо вазирлиги Хитой Россияга ниқоблар, термометрлар ва ҳимоя костюмларидан иборат 26 тонналик гуманитар ёрдам жўнатганини маълум қилган.
Россияда сўнгги бир суткада 1175 кишида коронавирус аниқланди, Хитойда эса бу кўрсаткич 62 кишини ташкил этди. Хитой ҳукумати январь ойидан бери илк бор Ухандан чиқиш йўлларини очди.
Изоҳ (0)