Twitter асосчиси ва компания бош директори Жек Дорси коронавирусга қарши курашиш учун 1 миллиард доллар хайрия қилди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
У 1 миллиард долларни Square компаниясидаги улушидан ажратишини, бу маблағ бойлигининг тахминан 28 фоизини ташкил қилишини билдирган. Twitter асосчисининг таъкидлашича, пандемия бартараф этилганидан сўнг қолган маблағлар қизларнинг соғлиғи ва таълим олишига сарфланади.
Дорси унинг бу хайрияси ошкора қилинишини таъкидлаб, «Ўзим ҳам, бошқалар ҳам бундан хулоса чиқариши учун ўз ишимни кўрсатишни муҳим деб ҳисоблайман», деб айтган.
Microsoft асосчиси Билл Гейтс февраль ойида Хитойда коронавирусга қарши курашиш учун 100 миллион доллар ажратган эди. Ушбу пуллар Гейтс хайрия фонди ва унинг турмуш ўртоғи Мелиндага тегишли.
Аmazon асосчиси ва раҳбари Жефф Безос эса компания 100 минг нафар янги ходимларни ишга ёллаб, соатбай тўланадиган иш ҳақини кўтаришини маълум қилганди.
Apple раҳбари Тим Кук эса бутун дунё бўйлаб коронавирус оқибатида касалланганларни даволашга 15 миллион доллар ажратган.
Facebook Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус ҳақидаги маълумотларини бепул жойлаштириб, тарғибот қилмоқда. Шунингдек, компания вазият бўйича сўнгги хабарларни WhatsApp орқали минтақаларга етказиб туриш йўлида турли давлатлар ҳукумати билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйган.
Изоҳ (0)