Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси интернетда «Ўқитувчиларга уйма-уй юриб, карантиндаги ўқувчиларнинг дарс қилаётганини суратга олиш буюрилди» мавзудаги хабар юзасидан расмий изоҳ берди.
Унга кўра, Избоскан туман халқ таълими бўлими мудири томонидан мактаб директорлари ва ўқитувчиларига қандай топшириқлар берилганлигини аниқлаш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи тумандаги бир нечта мактаб директорлари ва ўқитувчилари билан телефон орқали суҳбатлашган.
Ўтказилган суҳбат жараёнида туман халқ таълими бўлими мудири ўқитувчиларга уйма-уй юриб, ўқувчиларнинг дарсларни қандай тайёрлаётганлигини аниқлаши бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмагани маълум бўлди.
30 мартдан ўқувчиларга масофавий таълим бериш мақсадида телевизион дарслар эфирга узатила бошланди. Ушбу дарс жараёнларини кузатиб боришда кам таъминланган оила фарзандлари қийинчиликка дуч келгани боис, карантин кунлари мактабларнинг бошланғич синфлардаги телевизорлар бўш турганлиги сабабли шароити йўқ оилаларга фойдаланиб туриши учун вақтинчалик бериш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан топшириқ берилган. Шунингдек, маҳаллий ҳомийлар ёрдами билан кам таъминланган оилаларга телевизорлар совға қилинмоқда.
Мамлакатда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун яратиб берилаётган кенг имкониятларни суиистеъмол қилиб, карантин қоидаларига амал қилмасдан уни бузиш ҳолатлари кузатилса, тегишли тартибда чора кўрилиши бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари огоҳлантирилган.
Танқидий мақолада «директорлар ва ўқитувчилар видеоселекторда иштирок этишган» дея келтирилган сўзлар ҳақиқатдан узоқлигини маълум қиламиз. Боиси туманда бу тартибда йиғилиш ўтказиш учун етарли техник қурилмалар мавжуд эмас. 2020 йилнинг 7 апрель куни таълим ходимлари ўртасида ўтказилган суҳбат Zoom конференция орқали амалга оширилган бўлиб, мазкур онлайн суҳбат жараёнида мудир томонидан ортиқча топшириқ берилмаган. Аксинча, ўқувчилар телевизион фанларни ўзлаштиришлари бўйича синф раҳбарлари масофавий назорат олиб боришлари кераклиги тушунтирилган, дейилади вилоят халқ таълими бошқармасининг маълумотида.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)