Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 30 март куни 24 ёшли эркак унинг оилавий можаросини ўрганиш учун келган ички ишлар ходимини пичоқлади. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура томонидан маълум қилинди.
Хабар берилишича, 30 март куни соат 14:00 да Сергели туман ИИБ тезкор ходими Б.Х.га фуқаро Н.Х. мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи М.А. уни зўрлагани ва номусига теккани ҳақида ариза берган.
Маълум бўлишича, эр-хотин бир кун аввал Сергелида бир кунга ижарага олинган квартирада тунаган ва у ерда жанжаллашиб қолган. Эртаси куни аёл Сергели туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
ИИБ ходими ариза асосида аёл ва унинг эри яшайдиган Юнусобод тумани Хушнаво кўчасидаги хонадонга борган. Хонадонда бўлган 24 ёшли М.А. маст ҳолатда ходим Б.Х.ни хотинининг ўйнаши деб ўйлаб, унга ҳужум қилган ҳамда ошхона пичоғи билан унинг чап кўкрак пастки қисми ва қорин соҳасига икки маротаба уриб, тан жароҳатлари етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 31 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. М.А. процессуал тартибда ушланган.
Аввалроқ, Тошкентда 21 ёшли йигит рашк сабабли ўз танишини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Андижонда эса бемор аёлнинг укаси шифокорга пичоқ билан тажовуз қилганди. Қаршида йўналишли такси ҳайдовчиларининг одам талашиб бошланган жанжали пичоқлашиш билан якунланган. Бухорода қўшнисини баланд иморат қургани учун пичоқлаб ўлдирган фуқаро 19 йилга қамалган эди.
Изоҳ (0)