«Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистоннинг бир қатор вилоятларида, жумладан Лувгар, Вардак, Сари-Пул ва Бадгис вилоятларида аҳолини коронавирусдан огоҳлантириш бўйича тарғибот кампаниясини бошлади. Бу ҳақда «Afganistan.ru» хабар берди.
Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати вакиллари ва тиббиёт ходимлари коронавирус ҳақида маълумот берувчи материаллар, ниқоблар ва совун тарқатмоқда. Мазкур кампания «Толибон» ҳаракати вакиллари назорати остидаги ҳудудларда ўтказилмоқда.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири Ферозуддин Фероз «Толибон» ҳаракатига унинг назорати остидаги ҳудудда вазирлик ходимларининг иш олиб боришига имконият берган учун миннатдорчилик билдирган. Вазирликнинг ҳисоб-китобига кўра, айни пайтда Афғонистон аҳолисининг ярми, яъни 16 миллион киши коронавирус юқтириб олиш хавфи остида турибди.
Ўз навбатида, Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Асадулла Холид «Толибон» ҳаракатини коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун бутун мамлакат ҳудудида жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.
Аввалроқ, Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Ферозуддин Фероз мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият энг ёмон ҳолатда жорий йилнинг декабрь ойигача давом этиши мумкинлигини айтган эди. Айни пайтда Афғонистон коронавирусга чалинганлар сони 170 кишига етган. Касалликдан тўрт киши вафот этган, беш киши тузалган.
Изоҳ (0)