Ўзбекистон терма жамоаси ва «Ростов» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов Қатарда ўтадиган ЖЧ—2022 мусобақасига бориш орзусида эканини айтди.
«Жаҳон Чемпионатига чиқиш мамлакат бош жамоаси ва мен учун жуда муҳим. 34 миллион ўзбекистонлик анчадан бери Жаҳон Чемпионатини орзу қилади. Мусобақа йўлланмасини қўлга киритиш мамлакатдаги футбол ривожига жуда катта таъсир ўтказади, бунга ўз ҳиссамни қўшишни истайман.
Бутун халқ биздан тарих яратишни кутмоқда, умид қиламанки, ватандошларимиз биз билан фахрланишади. Ҳар бир ўйинда гол уришни хоҳлайман, Ўзбекистон терма жамоасининг энг яхши тўпурари бўлиш орзуларимдан бири. Бунга эришиш учун боримни бераман.
Болалигимда Фернандо Торрес ва Дидье Дрогба иштирокидаги ўйинларни кўришни ёқтирардим. Менга Торреснинг ўйин услуби ва Дрогбанинг майдондаги ишончли ҳаракатлари жуда ёқарди. Уларга ўхшаш учун жуда кўп меҳнат қиляпман», — дейди Шомуродов ФИФА матбуот хизматига берган интервьюсида.
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2022 иккинчи саралаш босқичининг «B» гуруҳида бешта ўйин ўтказди ва 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)