Сўнгги пайтларда Америка ва Эрон ўртасидаги сиёсий тўқнашувлар янада кескин тус олмоқда. Коронавирус икки давлат можаросини тўхтатиб қололмайдими? Ироқ Америка ва Эрон ўртасидаги жанг майдонига айланадими? Россиялик сиёсатшунос, Яқин Шарқ бўйича эксперт Михаил Магид «Дарё» учун тайёрлаган мақоласида бу саволларга жавоб беради.
13 март куни АҚШ Ироқдаги ХМК (Халқ мобилизацияси кучлари) жойлашган бир нечта ҳарбий базаларга авиазарбалар берди. Бу ИШИДга қарши кураш учун умумий сони 100 мингдан зиёдроқ бўлган шиалардан тузилган кўнгиллилар тузилмасидир. ХМКни ташкил қилувчи гуруҳларнинг бир қисми, хусусан, Катоиб Хизбуллоҳ, Хизбуллоҳ ал-Нужоба ҳамда Асайиб ал-Хаққ гуруҳлари Эронга тарафдор гуруҳлар бўлиб, қолганлари эса бундай сиёсий йўналишга эга эмас. ХМК таркибидаги бунда Эронга тарафдор гуруҳлар тузилманинг ярмидан кўпроғини ташкил қилади.
Американинг зарбалари Ироқдаги объектларга берилди. Афтидан, ХМКнинг 5 нафар яраланган аскаридан ташқари яна бир нечта Ироқ полицияси зобити ҳамда ҳарбийлар ҳам ҳалок бўлди. Улар Америка учун нишон сифатида кўрилмаган бўлса-да, лекин амалда Ироқнинг расмий кучишлатар тузилмалари вакилидан ХМК жанггарисини фарқлаш жуда қийин. Жанггарилар ва расмий кучишлатар тузилма вакиллари бир-бири билан узвий боғлиқликда ишлайди ва одатда, умумий базадан фойдаланишади. Бундай ҳолат яна такрорланса, бу нарса Ироқ аҳолисининг Америкага қарши кайфиятда мобилизация қилинишиг сабаб бўлиши мумкин.
АҚШнинг ҳамласи 11 март куни Бағдод шимолидаги Кемп-Тажи базасига қилинган ҳужум учун жавоб сифатида қаралиши мумкин. Ўша ҳужумдан кейин Американинг икки нафар ва Британиянинг бир нафар ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Катоиб Хизбуллоҳ ва Хизбуллоҳ ал-Нужаба ҳаракати вакиллари ушбу хуруж учун масъулиятни ўзига олмаган бўлса-да, лекин уни уюштирган тарафни қўллаб-қувватлашини билдирди ва америкаликлар билан британияликларни базадан туриб ракета билан ўққа тутган ҳужумнинг ўзига ҳам юқори баҳо берди.
Ҳар икки тарафнинг йўқотишлари ҳозирча унча катта бўлмаса-да, бироқ воқеалар Ироқ ҳудудидаги АҚШ ва Эрон зиддиятининг янги босқичи бўлиши мумкин ва бу Ироқ давлатини янги хатар остига қўяди. Эндиликда Ироқ ҳудуди Эрон ва АҚШнинг ишончли кишилари ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкин.
АҚШ ўзининг Ироқдаги ҳарбий кучларига қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай ҳужумнинг олдини олиш учун исталган чорани кўриши мумкинлиги ҳақида бошқаларни огоҳлантирди. АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер «Биз Ироқдаги ва минтақадаги ўз ҳарбий кучларимизни ҳимоя қилиш учун, барча чораларни кўрамиз», деб таъкидлади.
Хўш, зиддиятнинг кучайишига нима сабаб?
2018 йилда президент Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишувдан ўз мамлакатини бир тарафлама тартибда олиб чиқиб кетди. Россия ва Хитой воситачилигида АҚШ Эрон ва Европа Иттифоқи орасида 2015 йилда тузилган бу келишув Эроннинг ўз ядро қуролини яратиш режасидан воз кечишини кўзда тутар эди. Бунинг эвазига Эронга қўйилган энг қаттиқ санкциялар бекор қилиниши лозим эди ва мамлакат нефть билан савдо қилиш имконига эга бўлиши керак эди.
Бир вақтнинг ўзида европалик инвесторлар Эронга ёғилиши кутилг
анди. Чунки мамлакат 400 миллиард долларлик бозор ҳамда мислсиз табиий бойликларга эга. Бироқ Эрон томонидан келишувнинг барча шартлари бажарилишига қарамай, Трамп АҚШни нафақат ушбу келишувдан олиб чиқиб кетди, балки ўзининг таъбири билан айтганда, «максимал босим» кампанияси доирасида 2018–2019 йиллар давомида Эронга тарихдаги янада мислсиз оғир санкциялар жорий этди.
Бу сафар Трамп Эрондан нафақат ядро қуролидан воз кечишни, балки ракеталар билан қуролланишни ҳам тўхтатишни ва минтақадаги ўзининг шерикларига (хусусан, Ироқдаги Эронга тарафдор кучларга) кўрсатилаётган молиявий ёрдамини ҳам тўхтатишни талаб қилди. Бундай талабларни эса Эрон қабул қилгани йўқ. Бу шунчаки унинг иттифоқчиларини мудофаа қобилиятини йўқотишига сабаб бўлиши учун эмас, балки яна бошқа сабабларга кўра ҳам Эрон Трампнинг янги талабларини инкор қилди. Яъни, Эрон аввал ҳам бир марта бу каби шартларга рози бўлиб, келишувни имзолаган ва унинг шартларини бажарганига қарамай, АҚШга бунинг ўзи етарли эмас экан.
Шу сабабли, Эрон раҳбарияти бу сафар муросага бормоқчи эмас, чунки аввалги сафар Эрон қанчалик ўз мақсадларидан воз кечиб муроса қилса ҳам, АҚШ унга риоя қилгани йўқ. АҚШнинг бу ҳолатда тутган йўли талабларни борган сари қаттиқлаштириш ва алалоқибат Теҳрон сиёсий режимини қулатиш мақсадидан дарак беряпти. Умуман олганда, Теҳрон янги шартларга кўнмагани сабабли ўзининг 80 миллионлик аҳолисининг катта қисми учун санкциялар туфайли келиб чиққан ҳаётий мушкулликлар кўринишидаги қийинчиликларни ўзига орттириб олди.
АҚШнинг максимал босимига нисбатан Эроннинг ассимметрик жавоби
Америка санкциялари Эрон иқтисодиёти учун вайронкор бўлиб чиқди. Эрон давлатининг 40 фоизга яқин харажатлари нефть сотишдан олинган даромад эвазига қопланар эди. Эрон аввалига ушбу даромаддан қуруқ қолган бўлса, кейинроқ америкаликлар Эрон иқтисодиётининг бошқа секторларига ҳам санкциялар солди. Бундай шароитда расмий Теҳроннинг аҳволи энди жар ёқасига келиб қолганди ва унинг йўқотадиган нарсаси қолмаганди. Шунда Эрон ўзига нисбатан АҚШ уруш очгани ва мамлакат иқтисодиётини барбод қилаётгани ҳақида баёнот берди.
2019 йилнинг ёз-куз ойларида Эрон қарши ҳужумга ўтди. Улар Форс кўрфазидаги халқаро танкерларни миналаштириш ва минтақадаги АҚШнинг иттифоқчиси бўлмиш Саудия Арабистонига ҳамла қилиш билан жавоб қайтарди. Хусусан, улар Саудиядаги давлатга қарашли энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи бўлмиш Арамко заводини 18 та дронлар воситасида ва қанотли ракеталар орқали ўққа тутди. Бундан ташқари, Эрон ўзининг Ироқдаги ишончли кишилари орқали АҚШ ҳарбийларини 11 марта ўққа тутди.
Эроннинг мақсадлари анчайин шаффоф. Улар АҚШнинг ўзи учун мураккаблик, шахмат таъбири билан айтганда, «сугсванг» келтириб чиқаришга уринди. Шахматда сунгсванг ҳолатига тушган рақибнинг ҳар бир навбатдаги юриши унинг ўзининг аҳволини баттар танг қилади. Яқин Шарқдаги урушлар АҚШда унчалик ҳам маъқулланмаган. Шу сабабли ҳам Трамп ўзининг сайловолди дастуридаги ваъдаларида минтақадан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш ҳақида сўз юритган эди. Энди Трамп Ироқдаги узоқ муддатли партизан урушига бош суқса, бу унинг учун сайловлардаги мағлубиятга сабаб бўлиши мумкин.
Мабодо Трамп Эрон зарбаларига жавоб қайтармайдиган бўлса, бу ҳолат АҚШнинг заифлигини кўрсатади ва иттифоқчиларига ҳам ёрдам беролмайдиган, ўз ҳарбийларини ҳам ҳимоя қилолмайдиган ноқобил тараф сифатида Америка учун иснод келтиради ва бу ҳам оқибатда унинг ўзи учун сайловлардаги мағлубиятга олиб келади. Теҳрон АҚШнинг навбатдаги сайловларида демократлар ғалаба қозонишига умид қиляпти. Демократик партия ғалаба қозонган тақдирда, Эрон учун қулай бўлган 2015 йилдаги келишув шартларига қайтишни ваъда қилган.
Сулаймонийнинг ўлими ва Эрон фаоллигининг сусайиши
2019 йил якунига келиб, эҳтимол эронликлар ўзларининг енгилмаслигига қаттиқ ишониб қолди. Ғалати ҳолат юзага келди – АҚШ Эроннинг бирорта зарбасига жавоб қайтармай турди. Бу Америка учун глобал миқёсдаги хўрлик эди. Натижада, минтақадаги унинг иттифоқчиларида, хусусан, Саудия Арабистони, БАА ва Исроилда бу борада ҳақли савол пайдо бўла бошлади.
Яни, Трамп ўзи Эрон ҳужумларидан ҳимояланишга қодирми? Ва умуман, АҚШ билан иттифоқчи бўлиш арзийдими ўзи? – деган саволларга жавоб излай бошлашди. АҚШнинг ўзида ҳам ҳарбийлар орасида тушунмовчилик юзага келди. Трампнинг сусткашлиги АҚШ президенти маъмуриятининг обрўсини тўка бошлади. Бироқ Эрон АҚШнинг кескин кутилмаган ва заргарона аниқликда реакция билдириши эҳтимолини унутиб қўйган эди.
АҚШ бу борада аниқ позиция билдирган эди. Унга кўра, АҚШнинг сабр косасини тўлдирган нарса бу америкалик фуқароларнинг ўлими бўлади. 2019 йил охирида Эроннинг навбатдаги қуролли ҳужуми натижасида Ироқда бир нафар АҚШ ҳарбийси ҳалок бўлгач, америкаликлар Ироқ ва Суриядаги Эронга тарафдор бўлган кўнгиллилар армиясини бомбардимон қилиш орқали жавоб қайтарди. Бунга жавобан эса Эрон ўз иттифоқдошлари билан бирга АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасини қамал қилишга уриниб кўрди.
Бу 1979 йилдаги Эрон инқилоби пайтида, Теҳрондаги АҚШ элчихонасининг 52 нафар дипломатини гаровга олинганини ёдга солиб юборди. Ўша гаров билан юз берган ҳодиса АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жимми Картернинг сайловлардаги мағлубияти билан якун топган эди. 2019 йил якуни ва 2020 йил бошидаги Бағдоддаги АҚШ элчихонаси атрофидаги вазият ҳам шунга ўхшаш ҳолатга келиб қолгач, жорий йилнинг 3 январь куни АҚШ томонидан Эрон ва унинг иттифоқчилари учун кутилмаган, қақшатқич зарба берилди.
Эроннинг Кодс нуфузли ҳарбий кучлари қўмондони бўлган ва шу куни эрталаб Бағдод аэропортидан йўлга чиққан генерал майор Қосим Сулаймоний дрондан учирилган ракета зарбаси орқали йўқ қилинди. У Эроннинг барча ҳарбий ҳаракатларига ва хориждаги Эронга тарафдор бўлган барча шиа ҳарбий тузилмаларига раҳбарлик қилган, дипломатия масалаларида ҳам ҳал қилувчи шахс бўлган ва норасмий равишда Эрондаги сиёсий иерархиянинг иккинчи рақамли кишиси эди. Эроннинг биринчи рақамли раҳбари мамлакатда деярли мутлақ ҳокимият эгаси бўлган Оятулло Али Ҳомайини ҳам Қосим Сулямонийга ҳаммадан ҳам кўп ишонарди. Сулаймоний билан биргаликда Ироқдаги ХМК кучлари қўмондони бўлган ал-Маҳди ал-Муҳандис ва яна тўрт нафар ироқлик генерал ҳалок бўлди.
Эрон шундан сўнг Ироқдаги АҚШ базалари томон 10 марта ракета зарбаси берган бўлсада, лекин уларнинг Америка билан урушга шай эмаслиги билинди. Эрон ўзи қабул қилиб олган зарбадан тентираб қолди. Ахир бу Эрон махсус кучлари АҚШ мудофаа вазирини ўлдиргани билан тенг кучли нарса эдида! АҚШ базаларини ўққа тутиш орқали Сулаймонийнинг ўлими учун рамзий маънода қасос олган Эрон кейинчалик ўзининг АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши қаратилган ҳарбий фаоллигини пасайтирди. Шу билан зиддият АҚШ фойдасига ҳал бўлгандек эди гўё.
Янги эскалация. Эрон аввалги режасига қайтмоқда
Бироқ февраль март ойларида Ироқдаги АҚШ базаларининг ўққа тутилиши яна тез-тез содир бўладиган бўлиб қолди ва америкалик ҳарбийлар орасида яна ўлганлар ва ярадорлар сони пайдо бўлди. Афтидан, Эрон АҚШни Ироқ ҳудудидаги узоқ муддатли ва Американинг ўзида ҳеч кимга ёқмайдиган партизанлик уруши домига тортишга қаратилган аввалги режасига қайтмоқда. Бу ноябрдаги президентлик сайловларида Трампнинг мағлубиятига олиб келиши керак.
«Сулаймонийнинг ўлимидан кейин Эрон ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмоқчи эмас, агар кимдир ҳаммаси тугади деб ўйлаган бўлса, у шошқалоқлик қилибди», — дея фикр билдирган RAND корпорацияси сиёсатшуноси Ариан Табатабаи. «Агар, Эронликлар шундай деса, бу кутилган ҳолат бўлади», —дея сўзини якунлади у.
Эрон томонидан амалга оширилган ҳужумлар миқёси ва ундан келиб чиққан АҚШ ҳарбийларининг ўлим кўрсаткичи шундан далолат бермоқдаки, Эрон ўзининг АҚШ билан орадаги можарони кучайтириш учун тайёргарлигини янада кенгайтирди. «Бу уларнинг хатти-ҳаракат услубига хос, лекин улар ҳозир авваллари ‘қизил чизиқ’ сифатида қаралган вазиятдагига қарагандан ҳам кўпроқ йўқотишга йўлиқишмоқда», — дея қўшимча қилган Табатабаи.
Энг ёмони эса бу воқеаларнинг барчаси АҚШ ва Эронда тарқалиб ётган коронавирус эпидемияси фонида содир бўлаётганида. Бундай мушкул вазиятда ўзаро эскалациядан қочиш ўрнига тарафлар яна ҳисоб-китоб қилишга киришиб кетмоқда. Бу шароитда шундоқ ҳам эпидемиядан жабр кўраётган Ироқ ҳудуди Америка ва Эрон ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкин.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)