Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғарб мамлакатлари COVID-19 коронавирус инфекциясига тайёр бўлмаганини айтди. Бу ҳақда президент Анқарада коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи йиғилиш якунида маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».
Унинг сўзларига кўра, коронавируснинг авж олиши Ғарб мамлакатлари ижтимоий ҳимоя тизимининг мукаммал эмаслигини кўрсатди.
«Ғарб мамлакатлари йиллар давомида асосий давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиб, ўз фуқароларига ғамхўрлик қилмади. Аслида, бу жавобгарликдан қочиш учун қилинган», — деди Эрдўғон.
Туркия президентининг қайд этишича, баъзи Европа давлатлари «либерализмнинг ашаддий тарафдорлари» бўлган ва бугунги кунда улар касалхоналарни давлат ихтиёрига ўтказмоқда ҳамда «омон қолган омон қолади» тамойилига амал қилмоқда.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, Туркия янги касалликнинг тарқалишини диққат билан кузатиб борди ва унинг хавфини йўқ қилиш учун барча имкониятларини сафарбар қилди. Президентнинг сўзларига кўра, расмийлар 65 ёшдан ошган фуқароларга Истанбул ва Анқарада ниқоблар ва дезинфекциялаш воситаларини тарқатишни кўзламоқда.
Унинг сўзларига кўра, дунё иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тузилишдаги глобал ўзгаришлар билан ажралиб турадиган янги даврга кирмоқда.
Туркияда COVID-19 инфекциясини юқтириш билан боғлиқ биринчи ҳолат 11 март куни аниқланди. Бир ҳафта ўтгач, 18 март куни, мамлакатда коронавирусдан биринчи бемор вафот этди. Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, Туркияда 191 киши касалликкни юқтирган, икки киши вафот этган.
Туркияда коронавирус туфайли барча таълим муассасалари ёпилди, сайёҳлик мавсуми бошланиши кечиктирилди. Коронавирус сабаб Туркия Суперлигаси ҳам тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қайд этилган коронавирус билан боғлиқ бир нечта ҳолат Туркиядан қайтиб келган фуқароларда аниқланган.
Изоҳ (0)