Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов 14 март куни бир кунлик ташриф билан Тожикистонга боради. Бу ҳақда Тожикистон Мудофаа идорасидаги манбасига таяниб, Asia-Plus хабар берди.
Баҳодир Қурбонов ташриф давомида «Фахробод» ҳарбий полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон махсус бўлинмалари иштирокида ўтказилаётган антитеррористик ўқув машғулотларини кузатади.
Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо ва Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов машғулотда фаол иштирок этган ҳарбий хизматчиларга эсдалик ва қимматбаҳо совғаларни топширади.
Таъкидланишича, Мирзо ва Қурбоновнинг учрашуви давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий-техникавий муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади.
11 март куни бошланган машғулотлар давомида икки мамлакат ҳарбийлари Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларини кесиб ўтишда вазиятни беқарорлаштириш учун чиққан шартли террорчиларни қуршовга олиш ва йўқ қилиш бўйича қўшма ҳаракатларни ишлаб чиқади.Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг илк қўшма машғулотлари 2018 йил сентябрда Тожикистондаги «Чоррух—Дайрон» ўқув маркази базаси ва «Нурафшон» полигонида бўлиб ўтган. 2019 йил сентябрда эса икки давлат ҳарбийлари Наманган вилоятидаги «Ғурумсарой» полигонида шартли террорчиларни йўқ қилиш бўйича малакаларини оширган эди.
Изоҳ (0)