Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 9 март, душанба куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа қиймати 4 миллиард 835 миллион сўмга тенг бўлди (шундан 3 миллиард 492 миллион сўм давлат бюджети, 1 миллиард 343 миллион сўм маҳаллий бюджет). Мазкур объект футбол стадиони, очиқ типдаги баскетбол ва волейбол майдончалари, югуриш йўлакчаси ҳамда 12х24 ўлчамдаги спорт зални ўз ичига олди.
Эндиликда ушбу болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 12 та спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этилиб, уларга қарийб минг нафарга яқин маҳаллий ёшларни қамраб олиш имконияти яратилди.
Табиий майсали футбол майдонининг ўлчамлари Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиб келинаётган Про-лига мусобақаларини қабул қилиш имконини беради. «Б» Про-лига иштирокчиси «Рубин» жамоаси ўз уй учрашувларини шу стадионда ўтказиш истагини билдирмоқда.
Қуйи Чирчиқ тумани БЎСМнинг мазкур филиали 1974 йилда қурилган бўлиб, ўз вақтида бу ерда футбол бўйича халқаро мусобақалар ташкил этилган. Аммо, кейинчалик ушбу стадион ва спорт зал қаровсиз аҳволга келиб қолганди. Капитал таъмирдан кейин мажмуа замонавий кўриниш олди.
Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмал Холмуродов ҳамда спорт жамоатчилиги иштирок этди.
Изоҳ (0)