Калифорния соҳилларида тўхтатилган «Grand Princess» круиз лайнерида 21 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майк Пенс маълум қилди.
Касалланганларнинг 19 нафари экипаж аъзоси, қолган икки нафари йўловчи. Meduza’нинг ёзишича, кема бортида жами 3533 киши бор.
АҚШ расмийлари кемани нотижорий портга олиб боришни, шундан сўнг барча йўловчиларни коронавирус бўйича текширувдан ўтказишни ва, зарурат туғилса, уларни карантинга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Кема жамоаси аъзолари (54 мамлакатдан келган 1111 киши) таҳлил натижалари қандай чиқишидан қатъи назар карантинга жойлаштирилади.
Февраль ойи бошида Осиёдаги Diamond Princess круиз лайнерида коронавирус аниқланган, шундан сўнг кема Япониянинг Йокогама портига жойлаштирилган эди. Умумий ҳисобда кемада бўлган 3500 кишининг 600 дан ортиғи касалланган, олти нафари вафот этган эди.
АҚШда коронвирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 300 дан ошган, жаҳон бўйича эса 100 мингдан ортиқ одам (шунинг 80 мингдан ортиғи Хитойда) коронавирус билан касалланган.
Изоҳ (0)