1 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши ва Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатиб туради. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди.
HY514 рейс билан 29 февраль куни Сеулдан учадиган йўловчилар келиши билан вақтинчалик турар жойга жўнатилади. Шу муносабат билан уларни Тошкент аэропортида кутиб олмаслик сўралди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда авиакомпаниянинг барча рейсларида юқори хавфсизлик чоралари жорий этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахслар санитария-карантин тадбирлари ва тиббий-санитария назоратларидан ўтказилмоқда.
Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туришлари масалалари бўйича Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71−276−49−66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Хитойдаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 4, 6 февраль кунлари ташкил этилган учта чартер рейсларидан биттаси бевосита коронавирус инфекцияси ўчоғи бўлган Ухань шаҳридан ташкил этилган эди. 19 февраль куни даволаш муассасасига жойлаштирилган 84 нафар фуқаро карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилган.
Изоҳ (0)