Монакода коронавирус билан касалланган биринчи бемор қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати ўзининг расмий сайти орқали хабар берди.
Таъкидланишича, малика Грэйс шифохонасига олиб келинган беморнинг таҳлил натижалари унда коронавирус борлигини кўрсатган. Бемор изоляция қилиниб, Ницца шаҳридаги юқумли касалликлар бўлинмасига жойлаштирилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, вирусни юқтириб олган фуқаронинг аҳволи хавотирли эмас.
Беларусь, Литва ва Янги Зеландияда коронавирус билан касалланган илк беморлар аниқланганди.
Аввалроқ ЖССТ раҳбари барча давлатларни коронавируснинг муқаррарлиги ҳақида ўйлашга чақирганди. Давлат туризм қўмитаси эса Ўзбекистонни коронавирусдан холи мамлакат сифатида тарғиб қилмоқчи. 1 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways Сеулга парвозларни вақтинча тўхтатди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирусни юқтириб олганлар сони 78 824 кишини ташкил қилиб, 32 495 киши даволанишга муваффақ бўлган. Коронавирус билан касалланиш оқибатида вафот этганлар сони 2858 кишига етди.
Изоҳ (0)