Туркия ўзининг миграция сиёсатига содиқ қолади, бироқ мамлакат Суриядан келаётган қочоқларни қабул қиладиган аҳволда эмас. Бу ҳақда Туркия Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Омер Челикка таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Аввалроқ Ҳатай вилояти губернатори Раҳми Доган Сурия ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Идлибга берган авиазарбалари оқибатида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилганди. Ҳарбийларнинг ўлими билан боғлиқ воқеадан кейин Туркия эндиликда суриялик муҳожирларнинг Европага ўтишини тўхтатиб турмасликка қарор қилди.
«Туркия миграция сиёсати ўзгаришсиз қолади, бироқ мамлакат суриялик қочоқлар оқимини ушлаб туришга қодир эмас», — дейилади хабарда.
Идлибда амалга оширилган ҳужумга жавобан Туркия армияси вилоятдаги Сурия ҳукумат қўшинларига тегишли отрядни йўқ қилди. Шунингдек, Туркия ҳукумати Сурияда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқалиб кетмаслиги учун мамлакатда ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйди.
Изоҳ (0)