Бугун, 24 февраль Apple компаниясининг асосчиси Стивен (Стив) Пол Жобс туғилган кун. Ахборот технологиялар олами, шунингдек, мобил гаджетлар соҳасидаги революцияга сабабчи бўлган Стив биографиясига назар ташланса, бутун ҳаётини фаолиятига бағишлагани, ишини шунчаки эмас, астойдил яхши кўрганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Асрандилиги муваффақиятига таъсир кўрсатмаган Стив Жобс
Стив Жобс 1955 йил Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрида дунёга келган. Суриялик Абдулфаттоҳ Жандали ва Жоан Шибленинг оиласи жуфтликнинг оила қуришига қаршилиги боис, ҳали талаба бўлган Стивнинг ота-онаси уни бошқа оилага бериб юборишга мажбур бўлган. Жоан ўғлини бериб юборишдан аввал Стивнинг университетда таълим олиши ва унинг ўқиш харажатлари асраб олган оила томонидан қопланиши ҳақида ёзма розилик олган.
Боқиб олган ота-онаси Клара ва Пол Жобслар гўдакка Стив деб исм қўяди. Стив меҳр қуршовида катта бўлади ва асраб олган ота-онасини жуда ҳам яхши кўради, боқиб олиш ҳақида оғиз очишни истамайди, ҳатто. Биологик онаси билан орадан 31 йил ўтгачгина кўришади. Стивен икки ёшга тўлганида Клара ва Пол Петти исмли қизалоқни ҳам асраб олади ва тўртовлон Сан-Францискодан Маунтин-Вьюга кўчиб ўтади. Клара нуфузли компаниялардан бирида ҳисобчи бўлиб, Пол эса холдингда молия соҳасида фаолият юритган. Рўзғордан орттириш ва Стивнинг онаси Жоанга берган ваъдасига мувофиқ, таълимга пул жамлаш учун бўш вақтида Пол гараждаги эски автомобилларни таъмирлаб сотган. Бўлажак миллиардернинг электроникага қизиқишига айнан Пол сабабчи бўлган, унга машиналардаги радиоприёмникларни таъмирлашни ўргатган.
13 ёшлигидаёқ нимани исташини тушуниб етган кичик Жобс
Ўқувчилик йилларида мактабдаги расмиятчиликларни, мажбуриятларни жини суймаганига қарамай устозлари уни ўта тиришқоқ ўқувчи деб билган. Тўртинчи синф имтиҳонидан ўтиб, олтинчи синфга «сакраган» Стивни аслида мактаб раҳбари бирданига еттинчи синфга ўтказишни таклиф қилганди, лекин Пол ва Клара бу қадар таваккал қилишдан қўрққан. Мактабдан ташқари болакай ахборот технологиялари соҳасидаги энг йирик компаниялардан бири бўлган Hewlett-Packard компанияси томонидан ташкил этилган илмий тўгаракка борган. Клубга қандай лойиҳалар устида ишлаш кераклиги ҳақида маълумот ва маслаҳат берадиган муҳандислар ва профессионаллар ташриф буюрарди. Айнан ўша курслардан бирида Стив илк бор шахсий компьютер билан яқиндан танишган ва ўша пайтлардаёқ унда ўзгача таассурот уйғонган.
Тўгаракда болалар шахсий лойиҳалар устида ишлаган вақтда Стив даврий сигналларнинг частотасини ўлчашга имкон берадиган частотометрни йиғишга ҳамда лойиҳаси ҳақида компания раҳбарининг шахсан ўзи билан гаплашишга муваффақ бўлган. Билл Ҳьюлетт 13 ёшлик болакайга иш таклиф қилади ва Жобс газета тарқатиш билан бирга, электроникалар сотиладиган дўкон омборида ишлашни бошлайди. 15 ёшида эса ёш Жобс ўзининг биринчи автомашинасига эга бўлади ва ота-онасининг молиявий кўмаги ёрдамида унга янги двигатель ўрнатади.
Одамларга қулайлик, чўнтакка эса даромад керак
Мактаб йилларида Стив компьютер бўйича даҳо Стивен Возняк билан танишади ва кейинчалик бу танишув қадрдон дўстликка айланади. 1971 йилда Возняк дунё бўйича бепул телефонда гаплашиш йўлларини ўрганади ва Стив иккови махсус частота оҳангининг овозли симуляцияси ёрдамида буни амалга оширади. Аввалига Blue box деб номланган қурилма ёрдамида шунчаки дунёнинг бошқа нуқталарига қўнғироқни амалга оширган шериклар кейинчалик ушбу ишнинг даромад олиб келиши мумкинлигини тушуниб етади. Улар бизнес ҳазилакам фаолият эмаслигини, ноқонуний хатти-ҳаракатнинг охири вой бўлиши мумкин эканини яхши англаган ҳолда фаолият бошлашга қарор қилади. Алал оқибат эса 100 га яқин асли 40 долларлик Blue box’лар 150 доллардан сотилади. Тушган даромад эса ўртада тенг бўлинган. Шундай қилиб ёш бизнесменлар одамларга фойдаси тегиши мумкин бўлган қутича ортидан ўзлари ҳам яхшигина даромад қила бошлайди.
1972 йилда Стив уйини тарк этиб, Рид коллежига ўқишга киради. Бироқ коллеж АҚШдаги энг қиммат коллежлардан эди. Ўша йиллари Стив руҳий камолотга эришишга ҳаракат қилади: вегатериан бўлади, буддизмга қизиқади ва ҳатто очликни ҳам эксперимент қилиб кўради.
Жобс ярим йил ўтгач коллежни ташлайди, дастурларнинг мажбурийлиги унинг жонига тегади. 1975 йилда Стив, Возняк ва бошқа иштирокчилар Стивнинг машҳур гаражида қўлбола компьютерлар ясаш клубида йиғилади ҳамда қандай қилиб мураккаб туйилган технологияларни одамлар ҳаётига осон қилиб олиб кириш ҳақида бош қотиради. Клуб иштирокчиларининг ғояларидан илҳомланган Возняк кейинчалик Apple деб номланган машина устида ишлашни бошлайди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кутилгандан-да аълороқ натижа кузатилади: клавиатураларда терилган символлар экранда акс этади. 20 яшар иқтидор эгалари бора-бора тўлиқ компьютерларни йиғишга киришади. Орадан бир йил ўтиб, ўзларига чизмакаш Рональд Уэйнни кўмакчи қилиб олади. Кўмакчиликдан ташқари Рональд икки шерик тортишиб қолса, учинчи бир фикрни айтиш вазифасини бажарган. Шундай қилиб, учовлон томонидан 1976 йилнинг 1 апрелида AppleComputer фирмасига асос солинади. Бошланғич капитал учун Стив микроавтобусини сотиб, велосипед ҳайдашга, Возняк бўлса дастурлаштириладиган калкулятори билан хайрлашишига тўғри келган. Иш бошлашлари биланоқ, маҳаллий электроника дўконидан 50 та компьютер учун буюртма келиб тушган. Бунча компьютер учун керакли деталларни сотиб олишга етарли пули бўлмаган бизнесменлар кредит олишга мажбур бўлган. Шунга қарамай 10 кун ичида буюртмалар тайёр бўлиб, дўкон пештахтасидан ўрин олган.
Нима учун айнан Apple?
Компаниянинг номланиши билан боғлиқ, кўпчиликни қизиқтирган ушбу саволга аниқ жавоб бериш мушкул, негаки брендга айланган компания номланишининг сабаби ҳақида турли тахминлар мавжуд. Улардан бирига қараганда, компания дизайнери Роб Янов дўкондан олма олиб келади ва лого ҳақида бош қотириб, олмалардан бирини тишлаб сурат чизишга киришади ва ўша пайт компьютер учун тишланган олмадан-да аъло реклама бўлмаслигини тушунган. Бошқаларнинг таъкидлашича, ном устида кўп бош қотирилмаган. Стив бошқа ном топилмаса, компьютерни Apple деб номлашини айтган, тамом вассалом. Фақат шуниси аниқки, аввалига логода физик олим Исаак Ньютон бошига дарахтдан олма тушаётгани акс этган. Кейинчалик олмалар турли рангда бўлган ва 1998 йилдан бошлаб бир рангда бўлган.
Apple I оддий моделлардан фақатгина динамик хотираси билан фарқ қилгани боис, янги ғоя ва инновацияларни Apple II да акс эттиришга ҳаракат қилинган. Платформа 1976 йилда тайёр бўлган ва у ранг-баранглиги, овозлилиги ҳамда ўйин контроллери функциялари билан бошқалардан ажралиб турган. Apple II дунёнинг турли бурчакларида 5 миллион нусхада сотилган ва бунинг ортидан 25 ёшлик Стив Жобс миллионерга айланган. Иккинчи моделдан кейин учинчиси, сўнг Lisa ундан кейин бўлса, Macintoshкомпьютерлари тақдим қилинган ва компания даромади кундан кунга ортиб борган.
1979 йилда янги модел устида ишланади ва у Стивнинг турмушидан аввалги қизи Lisa номи билан аталади. Орада Стив компаниядагилар билан келиша олмай ишдан кетади ва янги фирма очишга қарор қилади. У янги компанияни Next Inc. деб номлайди. Миллионер компьютер графикасига ва 1979 йилда анимациялар яратиш мақсадида ташкил қилинган Pixar компанияси фаолиятига қизиқа бошлайди. Орадан 7 йил ўтиб, Стив Pixar’ни компания асосчиси Жорж Лукасдан сотиб олади. Аввалига Стивен Pixar’дан компьютер рекламаси учун анимацион фильмлар яратишда фойдаланишни ўйлаган, лекин 2006 йилда Pixar’ни 7,5 миллионга Disney’га сотишни ва акционер сифатида қолишни маъқул деб билган. Кейинчалик киностудия томонидан «Немони излаб», «Ўйинчоқлар тарихи» сингари машҳур мультфильмлар тақдим қилинади.
Йилига бир доллар маош олган миллиардер
Орадан 11 йил ўтгач Стив Apple’га қайтади ва кейинроқ компаниянинг генерал директори бўлади. Компания, дизайни билан кўпчилик эътиборини ўзига жалб қилган ва Apple тарихида энг кўп сотилган iMacкомпьютерини тақдим қилади. 2001 йилда Американинг икки шаҳрида AppleStore очилади. Компания асосчисининг шахсан ўзи очилиш жойини танлайди ва ҳар бир деталь дизайнига алоҳида эътибор бергани ижобий натижа беради: дўконга ҳафтасига 5,6 минг киши ташриф буюрган. Кўп ўтмай Жобс MP3-плеер яратишга киришади ва 2001 йилда биринчи iPod сотувга чиқарилади. Майда деталларигача мукаммал ўйланган интерфейс, ўзига хос дизайн ва қулай бошқарув Apple’нинг яна бир ютуғи бўлади. Стив бу билан тўхтаб қолмайди, келаси йилда янги хит тақдим этади. У компьютер, мобил телефон ва MP3-плеер вазифасини бажарадиган, сенсор орқали бошқариладиган илк гаджетни яратади. Бу, албатта, iPhone эди. 2010 йилда эса Сан-Францискода биринчи планшет тақдимоти бўлиб ўтади.
Юқорида такидланганидек, Стивен 25 ёшидаёқ 256 миллион доллар эгаси бўлган бўлса, бора-бора миллиардерга айланган. Apple’нинг 5,5 миллионлик, Disney’нинг 138 миллионлик акциялари эгаси, генерал директорлик лавозими учун йилига бир доллар маош олган. Стив ўзидан 8 ёш кичик бўлган турмуш ўртоғи Лаура билан 1989 йилда Стандфорд бизнес мактабидаги маърузаси давомида танишган. Жуфтлик 1991 йилда турмуш қуради ва улар уч фарзанднинг ота-онаси бўлади.
Ҳаёт қонунларини ўзгартиролмаган миллиардлар
2003 йилдан Жобсда ошқозоности бези саратони аниқланган. Стив технологияда қанчалик илгарилаб кетган бўлса, ундаги касаллик ҳам шу даражада ривожланиб кетган. Тинимсиз муолажалар, операциялар, ҳатто миллиардернинг молиявий аҳволи ҳам бу борада ёрдам бера олмаган. 2011 йилнинг июнида 56 ёшлик даҳо сўнгги марта iOs 5 операцион тизим ва iCloud сервиси тақдимотини ўтказган. 2011 йилнинг 5 октябрида соат 03:00 да Стив Жобс вафот этади. Унинг ўлимига саккиз йил давомида курашиб келган ўсимта сабаб бўлганди. Мультимиллиардер ўлимидан аввал хат ёзиб қолдирган бўлиб, унда қуйидаги сўзлар битилганди:
Мен бизнесда муваффақият чўққисига эришдим. Кўпчилик учун менинг ҳаётим муваффақият тимсоли. Бироқ ҳаётда ишдан бўлак мени қувонтира оладиган нарсалар унчалик кўп бўлмаган. Бойлик — мен кўниккан ҳаёт тарзининг бир қисми бўлган, холос. Айни дамда касалхона ётоғида бутун ҳаётим кўз ўнгимдан ўтар экан, мен фахрланган бойлик ва шон-шуҳрат ўлим олдида аҳамиятсиз эканини тушунмоқдаман . Умрим давомида орттирилган бойликни ўзим билан олиб кета олмайман. Мен билан кетадигани — муҳаббат билан боғлиқ хотиралар. Мана шу ортингизда қолиши керак бўлган, ҳамроҳлик қиладиган, олдинга қадам босишга ундайдиган ҳақиқий бойлик. Неча ёшда эканлигингиз ва нималарга эришганингизнинг аҳамияти йўқ. Ҳамма учун ҳам парда тушириладиган кун келади… Оилангиз, севимли инсонингиз, яқинларингиз, дўстларингизга бўлган муҳаббат ҳақиқий бойликдир. Ўзингизни асранг, ўзгалар ҳақида ғамхўрлик қилинг.
2010 йилда Forbes томонидан тузилган дунёнинг энг нуфузли кишилари рўйхатида Стив Жобс 17-ўринда бўлган бўлса, Financial Times уни йил одами деб номлаган. 2011 йилда эса Будапештда унга атаб бронзадан ҳайкал ўрнатилган.
Изоҳ (0)