Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан 19 февраль куни расмий ташриф билан Туркияга келди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Эсонбуға халқаро аэропортида давлат раҳбарини Туркия ҳукумати аъзолари, Анқара музофоти ва шаҳри раҳбарияти, бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Бугун, 19 февраль куни, президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон—Туркия муносабатлари, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Президент, шунингдек, Туркия бизнесининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказиши, Туркия президенти Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида қатнашиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев сўнгги марта Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан, 2017 йил 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга ташриф буюрганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса 2018 йил 29 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганди.
Изоҳ (0)