Гулистон шаҳридаги «Метан Ривож Савдо» МЧЖга қарашли метан газ қуйиш шохобчасида юк ташишга мўлжалланган автобуснинг газ баллони портлаб кетди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Кўнгилсиз ҳодиса 18 февраль куни соат 21:50 ларда содир бўлган. Булунғурлик ҳайдовчи бошқарувидаги ПАЗ русумли автобус газ тўлдираётганида унинг тепасига ўрнатилган газ баллони портлаган.
Натижада автобусга моддий зарар етган. Шу билан биргаликда автобус атрофида турган Ромитан туманида яшовчи Н.С. бошқарувчидаги MAN русумли юк автомашинасининг олд ойнасига ҳамда Мирзаобод туманида яшовчи А.К. бошқарувидаги УАЗ-3962 русумли транспорт воситасининг олд қисмига темир парчаси учиб келиб теккан.
Ушбу ҳодисада тан жароҳати олганлар ва бошқа зарар кўрганлар мавжуд эмас.
Ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ва ФМБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)