Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи Ҳурматой Абдураҳмонова 20 ёшида Тошкент вилояти Оҳангарон туманига келин бўлиб тушган. Тўйдан кейин кўп ўтмай оилавий келишмовчиликлар сабабли келин уйдан чиқиб кетган ва шундан буён бедарак йўқолган. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастури хабар берди.
Маълум қилинишича, арзимас важлар натижасида юзага келган жанжаллар Ҳурматой Абдураҳмоновани келинлик уйидан чиқиб кетишга мажбур қилган. Ёш келинни топиш мақсадида унинг тоғаси уч йилдан буён ҳаракат қилмоқда. У уч йил давомида ички ишлар идораларига ва прокуратурага мурожаат қилган, бироқ мурожаатлар натижасиз қолмоқда.
Келиннинг қайнонаси М.Х.нинг маълум қилишича, оилада тинимсиз жанжал бўлган. Қайнона сўнгги жанжал вақтида келинига икки шапалоқ урган.
Таъкидланишича, Ҳурматой Абдураҳмонова уйдан чиқиб кетишда фуқаролик паспортини ёки бирор шахсий буюмини олмаган.
Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Зафар Назаровнинг маълум қилишича, Ҳурматой Абдураҳмонова 2017 йил 14 майда оилавий жанжал оқибатида уйидан чиқиб кетган ва шу кунга қадар у ҳақда ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. У бедарак йўқолган шахс сифатида ҳисобга олинган. Айни пайтда уни қидириб топиш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)