Наманганда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг навбатдаги ёшлар билан учрашувига болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда умум таълим мактабларининг санъатга қизиқувчи йигит-қизлари таклиф этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ёшлар билан учрашувда сўз олган Хайрулло Бозоров вилоятдаги умумтаълим мактабларида янги 1370 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилаётганини қайд этди.
Ушбу тўгаракларнинг моддий-техник базасини шакллантириш учун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан скрипка, рубоб, доира ва дутордан иборат умумий қиймати 1,3 миллиард сўмлик чолғу асбоблари сотиб олинди.
Учрашувда шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлими мудирларига мактабларга етказиш учун ушбу чолғу асбоблари топширилди.
Мулоқот давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган тули масалалар билан вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Улар сирасидан фаол мактаб ўқувчилари учун стипендия жорий этишдан бошлаб, қўғирчоқ театри қуриб беришгача бўлган ўнлаб таклифлар жой олди.
Ўқувчилар таклифи билан бу йилдан бошлаб ёшлар ўртасида мақом, опера ва эстрада қўшиқчилик йўналишларида Наманганда ўтказиладиган Afsona music ёш талантлар очиқ кўрик-танловига халқ чолғучилиги йўналиши ҳам қўшиладиган бўлди.
Изоҳ (0)