Номаълум ва эндиликда маълум коронавирус тарқалиши билан унга алоқадор хабарлар ва янгиликлар ОАВни портлатди. Фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда касаллик ва унинг оқибатлари ҳақида эшитмаган, ундан ҳайиқмаган одам бўлмаса керак.
Касаллик тарқалиши билан унга боғлиқ турли нотўғри хабарлар ҳам урчиб кетди. Янгиликлар турлича – касалланганлар ҳақида, касалнинг юқиш усуллари ҳақида, касални даволаш йўллари хусусида. Эътиборингизга коронавирус келтириб чиқарган ёлғонларнинг бир нечтасини тақдим қиламиз.
Австралияда коронавирус билан заҳарланган Сиднейдаги овқатлар ва локациялар рўйхати Facebook’даги юзлаб постларда сузиб юрди. Душанба куни чоп этилган бир хабарда вирус излари бўлган гуруч, печене ва пиёзнинг ҳар хил турлари ҳақида маълумот тарқалди.
Аммо маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларининг таъкидлашича, бу жойлар ташриф буюрувчилар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди ва номланган овқатлар ҳақидаги инфолар Янги Жанубий Уэльс озиқ-овқат маъмуриятининг эслатмалари ва маслаҳатлари рўйхатида йўқ.
Facebook’да гўёки вирус тарқалиши бошланган деб тахмин қилинаётган Ухань бозори намойиш қилинган видео 88 мингдан кўпроқ марта кўрилди. Бироқ бу лавҳалар аслида Индонезия бозорида суратга олинган. Ушбу мақола якшанба куни Филиппин ҳудудига тегишли аккаунтдан эълон қилинган, унда каламушлар, илонлар ва бошқа ҳайвон турлари гўшт маҳсулотлари гавжум бозорда сотилаётгани кўрсатилган. AFP видеодаги воқеа 2019 йилда Индонезиядаги бозорда бўлганини тасдиқлади.
Шри-Ланка шифокорлари Facebook’даги постиларида 11 миллион аҳолиси бўлган Ухань шаҳрининг бутун аҳолиси коронавирусдан ўлиши мумкинлиги хабар тарқатган. Бироқ на хитойликлар ва на бошқа экспертлар бундай прогноз қилишмаган.
Шунингдек, интернетда Ухань касалхонаси қурилиши16 соат ичида якунланди мазмунидаги хабарлар ва уларга илова қилиган фотосуратлар тарқалган. Аммо суратлар 2019 йил январь ойида интернетда тарқатилган касалхоналардан бирининг сурати бўлиб чиқди. Бизга маълум Ухань касалхонаси қуриб битказилиши эса 10 кун вақт талаб қилган.
Мавзуга доир:
Саримсоқ вирусга қарши чиқа олиши ҳақидаги хабарлар ҳам ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалмоқда. Саримсоқ баъзи микробларга қарши курашувчанлик хусусиятларига эга бўлиши мумкин, аммо ЖССТ маълумотларига кўра, саримсоқ истеъмоли кишини коронавирусдан ҳимоя қилолмайди.
Шу каби нотўғри ва кўп ҳолларда ваҳима уйғотувчи хабарларнинг тез-тез тарқалиши ортидан январь ойи охирида Facebook раҳбарияти 2019-nCoV вируси ҳақидаги ёлғон маълумот характерига эга бўлган барча хабарларни ўчириб ташлашини эълон қилди. Facebook соғлиқни сақлаш менежери Кан Син Жон баёнотда, хусусан, тармоқда ўз-ўзини даволаш ва ҳимоя чоралари ҳақида кўплаб ҳақиқатга яқин бўлмаган хабарлар тарқалаётгани ва бу мавжуд соғлиқни сақлаш манбаларига нисбатан чалкашликларни келтириб чиқараётганини қўшимча қилди.
Шунингдек, январь ойидан кейин Twitter коронавирус билан боғлиқ 15 миллиондан ортиқ твитларни олиб ташлади.
«Коронавирус Хитой бананларидан тарқалмоқда» мазмунидаги хабарлар нафақат Ўзбекистонда, балки Хитойдан банан деярли олиб борилмайдиган Узоқ Шарқда ҳам шиддат билан тарқалмоқда. «Коронавирус одатда жонсиз муҳитда бир кундан ортиқ яшолмайди. Бананларни етказиб бериш жараёнлари эса бир неча ҳафталар давомида амалга оширилади. Шунинг учун вирусни банан орқали ташишнинг имкони йўқ», — дея ҳолатга изоҳ беради Сеченов университетининг тиббий паразитология, тропик ва векторли касалликлар институти директори Александр. Лукашев. Маълум бўлишича, банан ва вирус билан боғлиқ хабарларда ҳаттоки вирус номи нотўғри кўрсатилган.
«Сахалинда коронавирус билан касалланган одам пайдо бўлди, аммо бу ҳақда ҳали маълумот йўқ. Менинг ўртоғим Холмскда касалхона лабораториясида ишлайди. Бемор Хитойдан келган ва бир кун ўтгач унда юқори иситма кузатилган, у бир ҳафтадан бери Жанубий Сахалинскда ётибди. Унда шубҳасиз вируси бор. Бугун дўстим қўнғироқ қилиб, оммавий жойларда тўпланмаслигим кераклигини айтди, чунки хитойликлар Сахалинга ўзлари билан инфекцияни олиб келишган». Худди шу шаклдаги хабар Норильск, Ульяновск, Якутскда жой номлари ўзгартирилган ҳолда тарқалди – қалбаки хабар вирусдан кўра тезроқ оммалашди.
Касалликдан фойдаланиб қолган ҳолда даромад қилиш ҳаракатидаги кишилар кўпайиб қолди. Екатеринбург дорихоналаридан бирида коронавирусга қарши дори-дармонлар рекламаси эълон қилинди. «Мавжуд дори-дармонлар, иммуномодулятор деб аталадиган дориларнинг ҳеч бири ўз самарадорлигини исботламаган ва уларнинг фойдаси йўқ», деб изоҳ беради Санкт-Петербургнинг бош клиник фармакологи Александр Хажидис ҳолатга.
«Ушбу янгиликнинг тарқалиши фойдаланувчиларни маълум бир сайтга, YouTube ёки Telegram каналига олиб боради. Бу шунчаки реклама бўлиб, саҳифага кўпроқ одам оқиб келишига хизмат қилади», дейди Санкт-Петербург давлат университетининг оммавий коммуникацияларни бошқариш кафедраси профессори Светлана Бодрунова.
Хитойнинг ўзида бундай йўл тутаётганлар нотўғри маълумот учун ҳибсга олинмоқда, Малайзияда эса сохта муаллифлар икки йилга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо интернет тармоғида айбдорларни топиш осон эмас.
Таиландда икки киши коронавирус эпидемияси ҳақида сохта янгиликлар тарқатганликда айбланиб ҳибсга олинган, яна тўрт киши билан тарбиявий суҳбатлар ўтказилган, деб хабар беради пайшанба куни Таиланд рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамият вазирлигига таяниб Nation газетаси. «Вазирлик ижтимоий тармоқларда ва интернетда сохта янгиликлар пайдо бўлишини диққат билан кузатмоқда, айниқса янги коронавирус эпидемияси тарқалиши ҳақидаги сохта янгиликларни. Вазирлик сохта янгиликлар билан курашишни ўзининг технологик жиноятчиликка қарши кураш бўйича полиция бўлими билан яқиндан иш олиб борадиган сохта янгиликлар маркази орқали иш олиб бормоқда», дейди вазирлик раҳбари Фитифонг Пуннакан. Маълумот берилишича, Таиландда шундай мазмундаги ёлғон маълумот тарқатган 15 манба аниқланган.
Ўзбекистон ҳақида сўз юритадиган бўлсак, вирус Хитой товарлари, жумладан, кийим-кечаклар билан савдо қилувчилар ишига катта зарба берди. Одамлар орасида кийимлар ҳам вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида нотўғри хабарлар тарқалди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, Хитойдан юборилган посилкадан инфекция юқтириш хавфи деярли йўқ. Гап шундаки, вирус етказиб бериш даврида пакетда яшай олмайди.
Ижтимоий тармоқларда «Хитойда касаллик юқтирганлар отиб ташланмоқда» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Бироқ бу хабар ҳам ўз тасдиғини топмади.
Баъзилар орасида буларнинг барчаси «итоатсиз мамлакатларни жазолайдиган» америкаликларнинг иши деган фикр пайдо бўлди.
Инфекциядан қочиш учун ҳар кун камида 250 грамм ароқ, виски ёки бренди ичиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги «фейк»лар эса кулгини қистатиши табиий. Коронавирусга қарши курашда алкоголнинг фойдалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Шунингдек, Хитойда хато туфайли коронавирусдан вафот этганларнинг даҳшатли статистикаси тарқалди. Эълон қилинган статистик маълумотлар амалдагисидан 80 баравар юқори эканлигини кўриш мумкин.
Хабарда Хитойнинг иккинчи энг йирик компанияси Tensent асл маълумотни аниқлаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Тарқатилган маълумотларда касалликни 154 минг киши юқтиргани ва 24,5 минг киши ундан вафот этгани кўрсатилган. 1 февраль куни тақдим этилган бу сонлар 2 февралга келиб рад этилди.
Хитой ҳукумати бугунги кунгача бир неча маротаба касаллик статистикасини тақдим қилишда айбланди. Ўзбекистоннинг айрим сайтлари ҳам ушбу нотўғри маълумотни узатишга улгурди.
Дарвоқе, Ўзбекистонда ҳам вирусга алоқадор тасдиқланмаган ва ёлғон хабарлар тез тез болалаб турибди. Хусусан, Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида, қўшни Қозоғистон ва Туркманистонда коронавирус билан касалланган беморлар ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати томонидан тарқатилган «Хоразмда коронавирусга чалинган одам изоляция қилинди» сарлавҳали мақола ҳам шов-шувларга сабаб бўлди. Бу ҳодиса ўқув машғулотларига нисбатан айтилганига кўпчилик эътибор ҳам бермади. Биргина сарлавҳа жиддий ваҳимани келтириб чиқарди.
Коронавирус пандемияси конспирологлар учун айни муддао бўлди. Хитойликлар «гуноҳлари» учун «жазолангани», ёш болаларни тириклай егани ва бошқа даҳшатли ишлари туфайли касаллик келиб чиққани ҳақида фейклар ва ёлғон-яшиқ хабарлар тарқалди. Айни пайтда коронавирус хитойликлар маймун, ит, қурбақа егани учун, ҳатто аллақандай кўршапалак шўрва туфайли келиб чиққани бот-бот ёзилди.
Эслатиб ўтамиз, коронавируслар кўп ҳолларда кўршапалаклар манба бўлганини фан тасдиқлайди, лекин вирус кўршапалакдан одамга тўғридан-тўғри ўтмайди.
«Сариқ» саҳифалар ва каналларда урчиган, интернет фойдаланувчилари орасида кенг тарқалиб кетган бу каби фейкларга қарши ўзбек блогерлари ҳам ўз фикрини айтди, одамларни фактларни яхшироқ текширишга, ҳар нарсага ишониб кетавермасликка чақирди. Хусусан, Хитойда гўёки Қуръон китоблари канализацияга ташлангани ҳақидаги фейк «Микрофон кўтарган аёл» каналида фош этилди.Вирусга қарши даво чоралари изланаётган бир пайтда ундан яхшигина даромад манбаси сифатида фойдаланиш истагида бўлганлар ҳам оз эмас. Юқорида таъкидланганидек, вирус ҳақидаги арзимас икки оғиз сўз ёки нотўғри ва ўз тасдиғини топмаган маълумотлар Telegram, YouTube каналларига яхшигина кузатувчи йиғиб бермоқда. Бундай ҳолатларда ҳар бир кишига мустақил равишда фактчекинг ёрдамга келади. Мутахассислар ҳам вирус ҳақидаги ёлғон маълумотлардан ҳимоя воситаси сифатида ақлни тавсия қилишмоқда.
Изоҳ (0)