Бутун Тошкент бўйлаб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги сўзлари ва тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик ҳақида «Ўзавтойўл» давлат қўмитасига қаратилган чорлов акс этган реклама баннерлари пайдо бўлди. Ўзбекистон коммуникацион агентликлари ассоциацияси (ЎКАА)нинг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, бу фуқаролик позициясининг очиқ-ошкора намоён этилишидир.
Ассоциация, шунингдек, бир қатор тадбиркорларнинг маълум қилишича, қўмита пойтахтдаги ташқи реклама конструкцияларини «ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз» бузиб ташламоқда.
Тошкент кўчаларида пайдо бўлган янги баннерларда Президентнинг «Тадбиркорга тегиниш мумкин эмас — бу тақиқланади! Тадбиркор бизни боқади» деган сўзларидан иқтибос келтирилган ва «Ҳар бир реклама воситаси — хусусий мулкдир!», «‘Ўзавтойўл’, тадбиркорларга халақит қилманг!» деган ёзувлар бор.
«Дарё» таҳририятига ҳам бутун Тошкент бўйлаб ўрнатилган шундай билбордларнинг 20 га яқин фотосуратлари келиб тушди. ЎКААнинг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, бу «Ўзавтойўл»нинг «Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ёқасига ўрнатилган 600 га яқин ташқи реклама конструкцияларини демонтаж қилиш» ҳақидаги баёнотига нисбатан жавоб муносабатидир.
«ЎКАА 2019 йил декабри охирида ОАВга ‘Ўзавтойўл’ номидан ҳаракат қилаётган бригадалар томонидан мулк ҳуқуқи қўпол равишда бузилаётгани ва лавозим ваколатларидан чиқиш ҳолатлари қайд этилаётгани ҳақида пресс-релиз, шунингдек, фото ва видеодалиллар тақдим этилган эди. Ўшанда Тошкент—Самарқанд йўлидаги ЎКАА аъзоларига тегишли ўнлаб реклама билбордлари ‘Ўзавтойўл’ номидан ҳаракат қилаётган бригадалар томонидан кесиб кетилган, демонтаж қилинган ёки бўлаклаб, олиб кетилган эди», — дейилади ассоциация хабарида.
ЎКАА раиси Алишер Нажмитдиновнинг таъкидлашича, декабрдаги ҳодисалар юзасидан бир қатор идораларга мурожаат қилинганидан сўнг, жабрланувчиларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилган.
«Бизнес-омбудсманнинг ролини алоҳида эътироф этиб ўтиш жоиз: кўп жиҳатдан айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан Янги йил байрами арафасида жиддий муаммога дуч келган ЎКАА аъзоларининг ҳуқуқларини тиклашга муваффақ бўлинди», — деди у.
ЎКААнинг қайд этишича, 10 февраль, душанба куни, реклама конструкцияларини йўқ қилиш ишлари ҳуқуқ-тартибот органлари муҳофазасидаги «Ўзавтойўл» ходимлари томонидан аввалгидан ҳам кучлироқ шиддатда қайта бошланган; улар ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилган тадбиркорларни қаршилик кўрсатиш салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Умид қиламанки, жорий вазиятга ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилади, чунки суд қарорисиз қилинаётган бундай ҳаракатларни ўзбошимчаликдан бошқа нарса деб таърифлаб бўлмайди. Реклама конструкцияларида давлат раҳбарининг сўзлари орқали нажот излаш — ҳимоянинг энг анъанавий усули эмас, бироқ бошқа томондан, чорасиз қолган одамларни нимададир айблаш ҳам ноўрин», — деди Алишер Нажмитдинов.
«Кичик ва ўрта бизнеснинг активларини вайрон қилиш, юзлаб оилаларни даромад манбаидан айирган ҳолда иш ўринларини йўқ қилиш — ижтимоий адолат ўрнатишнинг мақбул йўли эмас. Юзага келган вазиятда муросага келиш мумкин ва шарт, бунда бизнинг ассоциациямиз жараённи тартибга солиш учун модератор вазифасини бажаришга тайёр», — дея қайд этди у.Демонтаж, қайта тиклаш ва яна демонтаж
Республика реклама саноати ассоциацияси ижрочи директори Олга Эдгарднинг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, «Ўзавтойўл» давлат қўмитаси «ноқонуний демонтаж» қилиш ҳолатларини биринчи марта содир этаётгани йўқ. Реклама конструкциялари биринчи марта декабрда демонтаж қилинган.
Қўмитанинг бизнес-омбудсманга йўлланган хатида бу ҳолат Олмаота—Бишкек—Тошкент—Шаҳрисабз—Термиз йўлининг Тошкент вилояти Зангиота туманидан ўтган қисмидаги реклама конструкциялари «Ўзбекистон раҳбариятининг 24 декабрь куни ташриф буюриши муносабати билан вақтинча олиб қўйилган» деб изоҳланган.
«Биринчи сафар улар билбордларни сайловлардан сўнг демонтаж қилишди, ўшанда уларнинг барида сайловлар ва партияларнинг рекламаси бепул осилиб турганди. Улар конструкцияларни шунчаки кесиб кетишди. Бизда реклама паспортлари бор, билбордлар худди шу ҳужжат асосида ўрнатилган. Назарий жиҳатдан улар демонтаж учун тақдимнома бериши, муддат ва сабабларни келтириши керак эди. Биз эса бу тақдимнома устидан шикоят қилишимиз ёки демонтаж қилишимиз мумкин эди», — деди у.
Ассоциация Президент ҳузуридаги тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. «У ёрдам берди. Айбдорни топишди, унга 8 миллион сўм жарима ёзилди, ‘Ўзавтойўл’ эса конструкцияни қайтадан ўрнатишга ёзма рухсат берди. Бироқ 10 февраль, душанба куни, улар яна келиб, яна ҳаммасини кесиб кетишди», — дея таъкидлади Олга Эдгард.
Ассоциация раиси Анвар Йўлдошевнинг қайд этишича, реклама панноларини демонтаж қилиш ҳақидаги хатлар улар аллақачон демонтаж қилиб бўлинганидан сўнг расмийлаштирилмоқда. Масалан, 10 февраль куни билбордларни демонтаж қилиш бошлангач, реклама конструкцияларидан бирининг эгаси 11 февраль куни Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг бир қисмидан фойдаланиш бўйича унитар корхона («Ўзавтойўл» таркибига киради) томонидан имзоланган хат олган.
«Ўзавтойўл» тизими томонидан «Тасвирий ойина» ижодий бирлашмасининг Тошкент шаҳар филиалига йўлланган хатда 588 та реклама конструкцияси бузиб ташланиши маълум қилинган. Бунга «раҳбариятнинг норозилиги», «тартибсиз жойлашув» ва «йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлаётган хавф» сабаб қилиб кўрсатилган.
Олга Эдгарднинг таъкидлашича, демонтаж қилинган реклама конструкцияларининг паспортлари Тошкент вилояти бош архитектори, шаҳар ва туманларнинг бош архитекторлари, «Автомагистрал» ихтисослашган йўл таъмирлаш-қурилиш бирлашмаси ва бошқа тузилмалар билан келишилган.
Изоҳ (0)