Ўзбекистон ҳукумати давлат сири деб топилган маълумотлар рўйхатини қайтадан кўриб чиқади. Бу Президентнинг «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурига оид фармони лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 1 сентябрга қадар давлат сири деб топилган маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш чораларини кўриш ва ва кейинчалик уни махфийликдан чиқариш юзасидан кўрсатма берилган.
Бундан кўзланган мақсад илм ва маърифат, ахборот технологиялари ва тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур бўлган ахборот олиш имкониятлари асоссиз равишда чекланишига йўл қўймаслик, шунингдек, халқаро стандартларга риоя этишни жорий қилишдир.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда маълумотларнинг давлат сирига тааллуқли бўлиши «Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида »ги қонун билан тартибга солинади. Давлат сирлари давлат ва ҳарбий хизматга доир сирларга бўлинади.
Изоҳ (0)