Ўзбекистон MMA ассоциацияси президенти Отабек Умаров янги тузилган Ўрта Осиё MMA конфедерацияси раҳбарига айланди. Бу ҳақида MMA ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
«9 февраль куни Нур-Султонда Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси кенгашининг якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўрта Осиё MMA конфедерацияси тузилиб, унинг раҳбари этиб Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров, вице-президент лавозимларига эса Искандар Карим ва Валихон Тен тайинланди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси IMMAF (Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси) таркибига киритилган.
Шунингдек, тадбирда Қозоғистонда илк марта Аралаш жанг санъатлари бўйича Осиё чемпионати 2020 йилнинг июнь ойида ўтказилишига келишиб олинган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви бўлган Отабек Умаров MMA ассоциацияси билан бир қаторда мамлакат Триатлон федерацияси раиси сифатида ҳам фаолият олиб боради.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)