Устюрт платосининг «Устюрт» қўриқхонаси ҳудудига ўрнатилган тузоқ камера леопардни расмга туширишга муваффақ бўлди, деб хабар беради «Sreda.uz».
Ўзбекистонлик зоологларнинг таъкидлашича, ушбу ноёб йиртқич Ўзбекистон ҳудудига жуда камдан-кам ҳолларда келади. «Озуқа базаси қониқарли: тоғ эчкилари, жайронлар, қуёнлар. Қоплонқирда кўплаб йирик ҳайвонларнинг изларини кўрдик», — дейилади хабарда.
Леопард — мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчи ҳайвон. Леопардларнинг 27 та тури мавжуд. Уларнинг терисидаги доғлар, инсон бармоқ излари каби такрорланмас. Леопардларнинг узунлиги думини ҳисобга олмаганда 190 сантиметрга, оғирлиги 75 килограммга етиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё чўл ташаббуси (CADI) лойиҳаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган дала тадқиқот ишларида Ўзбекистонда кам учрайдиган ҳайвонот турларининг Устюртда пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)