Қирғизистон Хитойнинг Ухань шаҳридан ўзининг 18 нафар фуқаросини эвакуация қилди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Ухандаги ўн саккиз нафар Қирғизистон фуқароси 2 февраль куни махсус борт билан Нур-Султондан Бишкекка олиб келинди. Улар Қозоғистон томони ҳамроҳлигида келган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, келганларнинг барчаси аэропортнинг ўзида текширувдан ўтказилган ва Бишкекдан ташқарида жойлашган махсус инфекцион бўлинмага карантин учун жойлаштирилган.
«Шифохона инфекцион хавфсизликнинг барча талабларига жавоб беради ва зарурий лаборатория ҳамда даволаш қурилмалари билан жиҳозланган» — дейилади ССВ хабарида.
Идоранинг маълумотларига кўра, Хитойдан олиб келиниб, карантинга жойлаштирилган фуқаролар билан фақатгина тиббиёт персонали мулоқот қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, бугунги кунга қадар Ўзбекистон фуқаролари орасида инфекция қайд этилмаганини маълум қилган эди.Ташқи ишлар вазирлиги Хитойдаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш учун Пекиндан Тошкентга чартер рейслар 4 ва 5 февраль кунлари Пекин аэропортнинг 2-терминалидан амалга оширилишини маълум қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан 3 февраль, душанба куни, Пекин шаҳридага элчихонага келишларини сўраган.
Изоҳ (0)