Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида содир бўлган ёнғинда бир оиланинг 9 нафар аъзоси ва меҳмонлар қутқариб қолинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.
Андижон вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи инспектори Азизбек Ярқуловнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 2 февраль куни соат 10:10 да Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига Андижон шаҳар «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини Чинобод кўчасидаги 10-уйнинг 15-хонадонида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
— Келиб тушган хабарга асосан Андижон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг ўринбосари майор М.Усмонов бошчилигидаги жанговар экипаж кўрсатилган манзилга етиб борган вақтда хонадон деразасидан қалин тутун чиқиб, уй ичи алангада қолган эди, - дейди Азизбек Ярқулов.
Ҳолатни тўғри баҳолаган бўлинманинг ярми ёнғинни ўчиришга ва қолган қисми эса хонадон ичида бўлган фуқароларни автонарвон орқали қутқаришга киришади. Тез орада ёнғин ёнғин ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракати билан ўчирилиб, уй ичида бўлган 9 нафар хонадон эгалари ва меҳмонга келган фуқароларнинг ҳаёти қутқариб қолинади.
Содир бўлган ёнғинда хонадоннинг тахминан 30 кв.метр пол қисми ва уй-рўзғор буюмлари ёниб зарарланган. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида ёнғин хонадондаги электр симларининг қисқа туташуви оқибатида келиб чиққанлиги аниқланди.
Ҳозирда тергов суриштирув ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)