Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2019-nCoV коронавирусининг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг Twitter’даги саҳифасида хабар берилган.
Айи вақтда, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесуснинг фикрича, халқаро сафарлар ва савдони чеклаш учун асослар йўқ. «Интерфакс»нинг хабар беришича, у эпидемияни тўхтатиш учун Хитой ҳукумати томонидан кўрилаётган чораларни юқори баҳолаган.
«Ушбу коронавирус соғлиқни сақлаш тизими кучсиз бўлган мамлакатда тарқалса, қандай зарар етказиши мумкинлигини билмаймиз. Биз мамлакатларнинг мана шундай эҳтимолий вазиятларга тайёр туришларига ёрдам бериш учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак», — деди Гебреесус.
30 январь ҳолатига кўра, 2019-nCoV коронавируси қўзғатган пневмония оқибатида Хитойда 170 дан ортиқ одам вафот этди. Касаллик илк бор 2019 йил охирида Ухань шаҳрида аниқланган эди.
Изоҳ (0)