Бухородаги қаровсиз масжидни таъмирлаш пайтида араб ёзуви битилган қайроқтош топилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон тарихчилари жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Азалшоҳ Ҳамроев маълум қилди.
Бухоронинг қадимий гузарларидан бирида жойлашган «Мулла Пайравий» масжиди узоқ йиллардан буён эътиборсиз қолган. Айрим манбаларда чиллахона ёки кутубхона деб аталган масжиднинг пойдевор қисми XIV-ХV асрларда, устки қисми эса XIX асрда тикланган бўлиб, айни кунда қаровсиз ҳолга келиб қолганди.
Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси томонидан масжидда ободонлаштириш ишлари бошланган. Ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари ўлчами 13х48 сантиметр бўлган ва сиртига араб ёзуви битилган қайроқтош топган. Топилма бошқарма реставратори Дилмурод Холов томонидан тозаланиб, экспертиза қилинган. Тош юзасига ўйиб ёзилган ҳарфлар кўрингач, топилма текшириш учун Тошкент Шарқшунослик институтига юборилган.
— Мутахассис экспертлар томонидан ўрганилганда қайроқтошда эски араб ёзувида «насх» хатига мансуб битик борлиги аниқланди. Унда «Ал-фақих Аҳмад Аммор ал-Ансори, Аллоҳнинг раҳматидан қўрқувчи, унга қайтувчи, ҳижрий 563 йилнинг ражаб ойи/милодий 1168 йилнинг май ойида оламдан ўтди», деган битик туширилганлиги маълум бўлган, — деди Азалшоҳ Ҳамроев. — Айни пайтда Фақих Аҳмад Аммор ал-Ансорий шахси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ўрганмоқдамиз. Қатор тарихий китобларга, турли манбаларга мурожаат қилдик. Изланишларимиз самарасиз кетмади. Мазкур матн босма матбуотда О.А.Сухарева томонидан «Кварталная обшина позднефеодалного города Бухари» ҳамда «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Бухоро» китобларида тадқиқ этилган экан. Эътиборлиси, бундай ноодатий топилма Бухоро мақбараларида қайроқ ишлатилган бирдан-бир ҳолат бўлиб, XI-ХIV асрларда қайроқ, асосан, Самарқанд, Фарғона водийсида ва қисман Тошкент атрофларида қабртош сифатида ишлатилгани маълум бўлди.
Айни пайтда Мулла Пайравий ҳамда унинг номидаги кўҳна ёдгорлик – масжид тўғрисидаги тарихий манбаалар ўрганилмоқда.
Маълумот ўрнида: Мулла Пайравий ҳақида фақатгина «Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи» ҳамда Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари» китобларида жуда қисқа маълумот келтирилган. У XIV асрларда яшаган сўфийлардан бўлган. Фиқҳ илми билан шуғулланган ва машҳур шайх сифатида тилга олинган.
Изоҳ (0)